Сўнг ҳолдан тойган банди ўринга ўтирди ва энди бошмоғини ечмоқчи бўлди-ю, ижозат сўрагандай журъатсизгина мўлтиради; аммо бахмал-шоҳига бурканган, хира пашшадай ёпишқоқ бошқа бир маҳрам уни бу юмушдан озод этиш учун шошилинч тиз букди. Том яна икки-уч марта ўзгалар ёрдамисиз бирор нарса қилишга уриниб кўрди-ю, лекин бирортасида ҳам муваффақиятга эриша олмади. У ниҳоят таслим бўлди ва итоаткор оҳангда минғирлаб қўйди:
– Шўрим қурсин-а, шўргинам қуриб кетсин-а! Ишқилиб бу одамлар менинг ўрнимга нафас олишга ҳам талабгорлик қилиб қолишмасин-да!
Шоҳона ковушда, башанг хилъатда у ниҳоят ором курсига ёнбошлади, аммо мизғишнинг иложи бўлмади: боланинг боши турли ўй-фикрлардан ғувиллар, хона эса одамларга тўла эди. Том хаёлларини қувишга уриниб кўрди, аммо улар боланинг онгини тарк этмадилар; “шаҳзода” хизматкорларни қандай чиқариб юборишни билмасди, бунингсиз эса улар хонани ўзларича тарк эта олмайдилар; хизматкорларнинг шаҳзода ҳузурида қолишлари Томга қанчалик ёқмаётган бўлса, уларнинг ўзлари учун ҳам бу ерда ипсиз боғланиб турмоқлик шунчалик ёқимсиз эди.
Том ётоққа кетгач, унинг олийнасаб васийлари ёлғиз қолишди. Бирор муддат икковлари ҳам унсиз ҳолатда бошларини сарак қилганларича хаёл оғушида хона бўйлаб мақсадсиз одимлай бошладилар. Ниҳоят Сент-Жон тилга кирди:
– Ростини айт-чи, бу ишлар ҳақида нима деб ўйлайсан?
– Ростини айтишим мумкин: қиролнинг куни битай деб қолди, жияним эса ақлдан озди, тож-тахтни тентак эгаллайди ва айнан шу тентак салтанат соҳиби бўлиб қолади. Англиямизни парвардигор ўз паноҳида асрасин! Тез орада мамлакат яратган эгамнинг марҳаматига муҳтож бўлиб қолади!
– Ҳақиқатан ҳам аҳвол шундоқ бўладиганга ўхшайди. Лекин… сен ўйлаб кўрмадингми… яъни… ҳалиги…
Тўсатдан у сўзлашдан тўхтади ва изҳори каломда давом этишга ботинолмай қолди: берилмоқчи бўлатурган савол ниҳоятда қалтис эди. Лорд Гертфорд Сент-Жоннинг қаршисида тўхтади, унинг юзига очиқ-ошкора нигоҳ билан тикилди:
– Гапир! Сўзларингни мендан бошқа ҳеч ким эшитмайди. Нимадан гумон қиляпсан?
– Миямга келган нарсани сўз билан очиқ ифодаламасам дегандим, афандим, зеро шаҳзода билан насл-насабингиз бир. Агар сўзларим сени ранжитса, маъзур тутасан, лекин телбалик уни буткул ўзгартириб қўйгани сенга ғалатироқ туюлмаяптими? Мен унинг нутқи ёки юриш-туришлари ўзининг шоҳона улуғворлигини йўқотган демоқчи эмасман. Аммо айрим ҳолатларда унинг ўзини тутиши илгариги хатти-ҳаракатларидан фарқланмоқда. Бу телбалик унинг хотирасидан ҳатто ўз падари бузургворининг қиёфасини ҳам ўчириб юборгани ажабланарли ҳол эмасми?