– Бўлмасам-чи, бекам! Ҳазрати олиялари қирол ҳазратларининг саломатликлари яхши экани хушхабарини бериб, аъло ҳазратларининг дилларига қувонч бахш этдилар. Шундоқми, аъло ҳазратлари?
Том гўёки бу сўзларнинг тасдиғини билдирувчи алланималарни минғирлаб қўйган бўлди, лекин буёғи бундан мингбаттар бўлишини кўнгли сеза бошлади. Суҳбат давомида гап айланиб бориб унинг бирор муддатга ўз сабоқларини тўхтатишига келиб тақалди.
Кичик малика оҳ тортиб юборди:
– Оҳ, қандай кўнгилсизлик! Эсизгина-я! Сен шундай ютуқларга эришаётган эдинг-а! Майли, ҳечқиси йўқ, куюнма, бу вақтинчалик холос. Бир кун келиб сенинг ақлу заковатингни ҳам отангга насиб қилгани каби донишмандлик зиёси мунаввар этажак; у қанчалик кўп ажнабий тилларни билса, сен ҳам шунчасини эгаллайсан.
– Менинг отам? – ўзига қилинган насиҳатларни бир зумгина унутиб, эътироз билдирди Том. – Э, отам ўз тилида базўр гапирганидан унинг сўзларини балчиқдаги чўчқалар тушунади холос! Унинг донишмандлиги масаласида эса… – У кўзларини ердан узди ва лорд Сент-Жоннинг хўмрайган, ҳавотирли нигоҳини кўргач, жимиб қолди, юзи қизарди, кейин секингина ва маъюс ҳолда сўзида давом этди: – Оҳ, менинг дардим яна қўзишни бошлади шекилли, фикрларим ярим йўлда чувалашиб кетяпти. Мен ҳазрати олийларининг шаънларини ҳақоратламоқчи эмасдим.
– Буни биламиз, аълоҳазрат, – деди ҳурмат юзасидан малика Элизабет, сўнг “ука”сининг қўлини аста ушлади ва меҳр билан икки кафтининг орасига олди. – Бундан ташвишланма! Айбдор сен эмас, балки сенинг хасталигинг.
– Меҳрли сўзларинг қалбимни овунтирди, илтифотли бекам, – самимий ҳисларини изҳор этди Том, – ижозатинг ила, сенга чин юрагимдан миннатдорлик билдираман.
Бир мартасида эса қитмир Жейн хоним Томга қандайдир юнонча жўнгина жумла билан мурожаат этди. Зийрак малика Элизабет шаҳзоданинг юзидаги маъсум бир таажжубни кўриб, жумла ўз ўрнини топмаганини англади ва Томнинг ўрнига хотиржамлик билан жавоб тарзида бир қанча жарангдор юнонча жумлаларни териб ташлади, сўнг суҳбат ўзанини бошқа томонга буриб юборди.
Вақт ёқимли тарзда ўтиб борарди, суҳбат ҳам умуман силлиқ кечмоқда. Қалтис савол-жавоблар тобора камайиб борар, Том ҳамманинг ўзини қўллашга ва хатоларини сезмаганликка олишга интилаётганини кўриб, энди ўзини анча эркин сеза бошлади. Хонимойимчалар оқшомда Томни ҳоким жанобларининг зиёфатига кузатиб боришлари маълум бўлгач, боланинг юраги қувончдан ҳапқириб кетди ва у энди эркин тин олиб, бегона оломон ичида ёлғиз қолмаслигидан енгил тортди; ҳолбуки, маликалар ўзи билан бирга боришларини бир соат аввалроқ эшитганида, у тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада даҳшатга тушган бўлур эди.
Икковлон лордлар – Томнинг ҳимоячи валинеъматлари, бу даҳмаза суҳбатдан бошқа иштирокчиларга қараганда камроқ завқ олдилар. Улар ўзларини гўёки хавфли кўрфазда улкан кемани бошқариб бораётган ихтиёрсиз дарғалардай ҳис этишмоқда эди; ҳар лаҳза эҳтиёткор бўлмоқлари