Лорд Сент-Жон таъзим қилди ва чеккага ўтди. Том итоаткорона жавоб қилди:
– Бу – қиролнинг амри. Ҳукмдорнинг буйруқларига итоат этмасликка ёки буйруқлар ижро учун бир қадар қийинчилик туғдирадиган бўлса, уларни ўз манфаатига мослаб олиб талқин қилмоққа ҳеч қим ҳақли эмас. Қиролнинг истаги бажо келтирилгай.
Лорд Гертфорд ҳам буни маъқуллади:
– Модомики, ҳазрати олийлари сизни китоб мутолааси ёки шу каби машаққатли ишлар билан қийнаб қўймаслигимизни амр этган эканлар, сиз зоти олийлари кутилаётган зиёфатга қадар толиқиб қолмаслигингиз ва ўз саломатлигингизга путур етказиб қўймаслигингиз учун вақтингизни эрмак ўйинлар билан ўтказмоқни ихтиёр этсангизмикан?
Томнинг юзида ҳайрат ифодаси кўринди; у Сент-Жонга саволомуз боқиб қўйди ва ўзига қаратилган маъюс нигоҳга дуч келгач, уятдан қизариб кетди.
– Хотирангиз ҳануз шуурингизга бўйсунмоқдан бош тортмоқда, – деди лорд. – Шу боис лорд Гертфорднинг сўзлари сизга андаккина ғалатироқ туюлмоқда; аммо сиз ташвишланманг, шифо топишни бошлашингиз биланоқ бу ҳолат барҳам топажак. Лорд Гертфорд шаҳар раҳбарлари томонидан уюштирилаётган зиёфатни назарда тутмоқда; тахминан икки ойлар муқаддам қирол аъло ҳазратлари сиз зоти олийларининг унда иштирок этмоғингизни ваъда қилиб қўйган эдилар. Энди ёдингизга тушгандир?
– Ўкинч ила тан олмоғим лозимки, хотирам ҳақиқатан ҳам онгимни тарк этибди, − жавоб қилди Том ишончсизгина бир оҳангда ва яна юзлари қизариб кетди.
Айни шу чоғда мулозимлар Элизабет хоним ҳамда Жейн Грэй хонимнинг ташрифлари ҳақида маълум