–Дўмбира Қаҳҳорнинг эгизаги десам хато бўлмайди. Раҳматли эрим йўргақдаги Қаҳҳорни бир суйса, созини икки суярди. Қаҳҳор кўкрак ёши чоғида ўчоқ бошида куймаланиб, тандирга олов қалаб юрганимда йиғлаб қолса, отаси раҳматли соз чалиб овутарди. Сизга ёлғон, менга чин, дўмбира садоси янграши билан йиғлаб турган чақалоқ тиниб, оҳангга қулоқ тутганча бир зумда пишиллаб уйқуга кетар, сўнгра отаси:
– Онаси, йиғлоқи ўғлинг ухлади, – дердилар.
Шу – шу Қаҳҳор дўмбирадан бир қадам ҳам узоқлашмади. Оёқ чиқарганидан отаси мактабга ( у киши мактабда ўқитувчи бўлиб ишлардилар) кетганда дўмбирани попугидан ушлаб судраб юрарди.
– Бунинг бир куни дўмбирамни синдириб қўяди, – деб койинардилар отаси. Тўрт ёшга кирганида бўйига мослаб, қошиқдан сал катта дўмбира олиб бериб қутулдилар. Қаҳҳор бахши ёшлик чоғларини қуйидагича ифодалайди.
– Уйимизда тез – тез бахшилар гурунги, гап – гаштак бўлиб турарди. Ҳеч бўлмаганда отамнинг беш – олти жўралари келиб:
– Қодир, янгиларидан айтиб бер – дейишар, отам онамга қозонга ўт қалатиб, овқат тадорогини кўрдирар, сўнгра дўмбира чертиб, достон айтишга тушардилар.
Меҳмонхонамизга айвондан ўтиб кириларди. Кўпинча менга хонадан жой етмаса, шу ерда ўтириб олардим.
Ҳам соз, сўзнинг унчалик фаҳмига етмасамда, давра тарқамагунча жойимни тарк этмасдим. Шундай гаштакларнинг бирида меҳмонхона тўлиблар кетди. Кўпчилик ичкарида жой етишмаслигидан айвонда чордона қуриб ўтиришди. Мен ҳам уларнинг сафига қўшилиб олдим. Отам шу куни ҳар кунгидан ҳам жўшиблар айтди, дўмбира сайради десам кам бўлар, бир парча ёғоч нолалар қилди.
Ўтирибман, вужудим зир қаҳшаб, достоннинг охири кўринмас, одамлар тарқалишни хаёлларига ҳам келтирмасди. Олти ёшли гўдак, туриб кетай десам даврани кўзим қиймайди, тун ярмидан оққанда уйқу элитибди. Онам секингина кутариб, жойимга келтириб ётқизибдилар. Кўп ўтмай уйғониб кетибман, дўмбира овози баландлагандан, баландлаб борарди, сакраб ўрнимдан туриб:
– Достон эшитмоқчи эдим, мени ким бу ерга келтирди? – деб хархаша қилган чатағин даврага бориб қўшилибман.
Отам бирров ҳовлига чиққанларида яна кўзим илинган экан.
– Болангга қарасанг бўлмайдими, – деб онамни койибдилар.
– Нима қилай, боя жойига кўтариб келгандим, уйғониб кетиб, тоза ғингшиди, охири "Бор-ей, уйқудан қолсанг ўзингга", деб чиқариб юбордим.
Отам:
– Бунингнинг қулоғи дўмбирадан бошқа нарсани эшитмайди. Майли сен дамингни олавер, Қаҳҳорни ёнимга олиб кираман, ётса ичкарида ётар, – дебдиларда,мени меҳмонхонага олиб кирибдилар…
– Мен достон куйлашни бешикдалик чоғимдаёқ ўрганганман, – деди Қаҳҳор бахши отамерос дўмбирасини созлай туриб-отам қирқ ёшга тўлганида бахшичиликнинг энг юқори поғонасини забт эта олган. Негаки шу ёшида мамлакатимиз бахшилари орасида энг кўп – 74 та достонни ёд олган ва эл орасида куйлаган. Рости, дўмбиранинг саси қон – қонимга сингиб кетган. Бусиз ҳаётимни