Қолди сонсиз, достонларим, Олисларда осмонларим… Айтарман-ку, кейин девдим Айтилмади достонларим.
Ўйлаб-ўйлаб сўйладим, ҳей, Не йиғинда куйладим ҳей, Кулдириб гоҳ йиғлатиб-а, Фақат элим ўйладим, ҳей.
Созимни хўб елдирдим мен, Дўстларимни кулдирдим мен. Достон сўйлаб, терма сўйлаб, Нопокларни ўлдирдим мен.
Орзуларим кўп эди-ей, Ижод сомон йўл эди-ей Тушмай қолган қоғозга-я Кўзда ёшим мўл бўлди-я.
Узр элим, дардларимни Юракдаги гардларимни, Сизга достон қилолмадим, Қанча майдон мардларимни.
Умримга бир қарадим-ку, Билмаганим ўрадим-ку, Айтишувда зўрлар билан, Пойгаларда ярадим-ку.
Аммо дилим тилмагайман, Армон билан синмагайман, Сойдай тошиб ўтдим мано, Қуримасман тинмагайман.
Қодир бахши чинакамига ел назарига тушган, Хизр назар қилган ижодкор эди. Бахши кирган давраларга гуркираб илоҳий бир руҳ кирар эди. У кишининг илҳоми доимо ўзи билан бирга юрар эди. Қуйма мисралар, шеър, терма ва достонлари давраларга ўзидан илгари етиб борар эди.
Бир гал ижодкорлардан бири Қодир бахши Раҳим ўғлидан бахшичилиқда устоз ва шогирд анъаналари хусусида сўраганларида у шундай деганди: "Мен шогирд танлашда ҳам устозим Умир бахши анъанасига амал қиламан. Яъни ҳар бир шогирдни беш-олти ой ҳар томонлама синовдан ўтказиб, кейин санъатимни ўргатаман. Шу тариқа Қоҳҳор, Абдумурод, Баҳодир, Баҳром Раҳимовлар, Маҳматмурод бахши, Шодмон бахши, Муҳаммад Эшбоев, Мусурмонқул, Абди ва Дархонлик Абдураҳмон, Нортожи, Абдирашид бахши Боймуродов, Рўзи Қултўраев, Бобораҳим Маматмуродов, Бекназар Раҳматов, Ёдгор Хўжаев каби ўнлаб шогирдларни тайёрладим. Шогирдларим орасида Сурхандарёлик Шодмон Хўжамбердиев бахшилик санъатига жуда барвақт қадам қўйди. Шодмон сўзга чечанлиги, хотираси кучлилиги ва халқ услубида термалар айтиш салоҳияти билан бошқалардан ажралиб туради".