Ўзим ҳақимда нима ҳам дер эдим? Агар ҳозир ҳикоя қилган ёзувчиларимга ўхшаб хатолик қилган бўлсам, жон-жон деб кечирим сўрардим ва елкамдан тоғ ағдарилганидан ўзимни бахтиёр сезардим. Афсуски, мен кўксимда шундай гуноҳ юкни олиб юрибманки, унинг олдида «пахтачилик», «балиқчилик», ёшлик-ғўрлик ва бошқа хатолар ҳеч нарса эмас. Мен ёшлигимда шундай иш қилганманки, ҳатто уни эслаш ҳам жуда оғир.
Кейин бу ишим учун дўстларим узоқ вақт койишди, улар мен учун жазо бўлди. Аммо энг оғир жазони ўзимга ўзим чиқардим, ҳеч киши менга бундай оғир жазо бера олмас эди.
ОТАМ АЙТАРДИ: Агар шарманда қиладиган айбли иш қилган бўлсанг, кейин қанча тавба қилма бўлиб ўтган ишни ортга қайтара олмайсан.
ЯНА ОТАМ АЙТАРДИ: Шармандали айбли ишни содир этиб, йиллар ўтгандан кейин тавба-тазарру қилган одам қарзини эски пул билан тўлашга уринган одамга ўхшайди.
ВА ЯНА ОТАМ АЙТАРДИ: Агар ёвузликка хоҳлаган ёмонлигини амалга оширишга йўл қўйиб берган бўлсанг, кейин уни индамай уйдан чиқариб юбориб, турган жойини тепганингдан фойда йўқ. Оғилхонадан ҳўкизларни ўғирлаб кетгандан кейин унинг эшигига катта қулф осганингдан не фойда?
ХУДДИ ШУНДАЙ, мен ҳам биламан, жанжал тугагандан кейин мушт ўқталишнинг кераги йўқ. Аммо ўқувчиларим ҳозиргача мактуб ёзишиб, яна битмаган ярамни янгилашади. Улар менинг деразамга тош отишиб, кўчамизни бошига кўтариб бақиришади:
– Қанисан Расул Ҳамзатов, ўзингни кўрсат-чи? Биз ўқувчиларингга нимага бундай бўлганини тушунтириб бер.
– Мен нимани тушунтириб беришим керак?
– Мана сен бир минг тўққиз юз эллик биринчи йил Шомилни қоралаб шеър ёздинг, бир минг тўққиз юз олтмиш биринчи йил эса Шомилга мадҳия битдинг. Икки шеърнинг тагида Расул Ҳамзатов номи бор. Энди биз билмоқчимиз: Улар битта Расулми ёки бошқа-бошқа Расулми? Қайси Расулга ишонайлик?
Савол кетидан савол ёғилади. Агар баданга ўқ тегса уни олиб ташласа бўлади. Лекин юракка теккан ўқни олиб ташлаб бўладими?
Менинг азиз ўқувчим, неча ёшдалигингни билмайман, балки жуда ёшдирсан. Ҳали катта умр довонларидан, сарҳадларидан босиб ўтмагандирсан. Мен эса битта довондан ўтганман. Ҳа, мен севганман! Ҳозир ўз туйғуларимнинг бутун тафсилотини сўзлаб бермоқчи эмасман. Аммо кейин узоқ вақт афсус чекканлигим рост.
Кўпинча қўшниларнинг деразалари кичкина кўчада рўпарама-рўпара бўлади. Қўшнилар шу деразадан бир-бирига қараб болалари ёмон қилиқ қилишганини айтишиб, қарғашиб туришади. Мен ҳозир қарама-қарши деразаларда бир-бирини қарғаб турган қўшниларга ўхшайман. Фақат иккала деразада ҳам ўзимман: бирида ёш пайтим, иккинчисида ҳозирги пайтим.
Чиройли қиз йигитнинг бошини айлантиргандай, давр нури менинг кўзимни қамаштирди. Мен ҳам даврга куёв қаллиққа қарагандай қараб, ҳеч бир нуқсонини илғамадим. Агар жиддий айтсам, мен даврнинг сояси бўлдим. Маълумки,