Кўкни бузиб қичқирган – шодлик.
Билганга у – бахт неъматидир,
Билмасанг ҳам кечирган шодлик.
ШУКУР
Шукур қилган барака чорлар,
Қалби ўзин шукридан порлар.
Вале бордир шукур билмас ҳам,
Иймону инсофда ночорлар.
Шукур – Ҳаққа дил изҳоридир,
Етказганга етган зоридир.
Шукур қилган Оллоҳ наздида,
Бандаларнинг бахтиёридир.
ЭЪТИҚОД
Эътиқод – инсонга ишонч овози,
Қатъий бир ниятда кўнгил парвози.
Аҳдида мустаҳкам инсон зотининг –
Қалбидан қўймаган ойдек ҳамрози.
Эътиқод эгаси – соҳиби иймон,
Содиқ дўст, содиқ ёр, содиқи Раҳмон.
Минг ташвиш, минг мушкул ичра қолганда,
Йўлдан оздиролмас ҳеч битта шайтон.
ЮЗ ОЧСАНГИЗ
Юз очсангиз, нурга очинг,
Кўз очсангиз, гулга очинг.
Олов тилин олов билар,
Сўз очсангиз, дилга очинг.
Юзлар юздан офтоб олсин,
Кўзлар кўздан шитоб олсин.
Ошиқ оҳи одоб билан,
Диллар дилдан одоб олсин.
Кўз кўзгуси дил учундир,
Юз кўзгуси эл учундир.
Ким иймондан гар суст кетса,
Қўлни таниш қўл учундир.
Олиб ҳеч тўймаган дунё,
Бериб ҳам куймаган дунё.
Олмаганга-бермаганга
Тиклашиб қўймаган дунё.
Деманг, осмон осмон учун,
Ер ҳам тирик ҳар жон учун,
Еру кўкни яратди Ҳақ,
Иймони бут инсон учун.
“ЯЛЛА”ГА ҚУТЛОВ
Санъат – кўнгил самоси,
Қўшиқ – дилнинг шифоси.
Ким унга садоқатда,
Ёғилгай эл дуоси.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Эллик йил элак бўлди,
Эллик минг тилак бўлди.
Элакдан ўтолганлар,
Элда шерюрак бўлди,
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Ниятда ҳалол бўлган,
Миллатда ҳилол бўлган,
Ҳаёт – ҳаёт экан-да,
Сон мингта савол бўлган.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Карим Зокир дуоси,
Ботир Зокир нидоси.
“Ялла”га “Оқ йўл!” бўлган,
Халқимиз хуш баҳоси.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди қанча палла-ёв.
Санъат бу – элникидир,
Эл деган дилникидир,
Миллатин туғин тутган,
У она тилникидир.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Қўшиқ бу – фикримиздир,
Ҳақ учун зикримиздир.
Ўзининг назарига,
Ўзига шукримиздир.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Эллик йил элак бўлди,
Эллик минг тилак бўлди.
Элакдан ўтолганлар,
Элда шерюрак бўлди.
Ялла-ялла ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
ЯНГИ