УМР КИТОБИ
3-жилд
Шеърлар
Тўртликлар
Иккиликлар
Достонлар
ТОШКЕНТ-2022
Сўзбоши ўрнида
“ҲАҚНИ ТАНИБ ҲУР БЎЛАР ОДАМ…”
Ўзингиз яқиндан таниган-билган инсон ҳақида сўз айтиш қийин. Гўё у киши ҳақида ҳамма нарсани биладигандексиз, лекин таърифлай десангиз, қайси жиҳатини айтишни билмай, бехос тараддудланиб қоласиз. Агар кимдир мендан халқимизнинг ардоқли ижодкори, жонкуяр публицист, фаол жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ҳақида фикр сўраса, шундай ҳолатга тушиб қолишим табиий.
Маҳмуд акани бундан қирқ беш йил муқаддам илк бор телевизорда – “Қувноқлар ва зукколар” кўрсатувида кўрганман. Бу менинг шоир билан ғойибона танишувим эди. Ўша мусобақада Тошкент ва Фарғона вилоятлари ёшлари ўзаро беллашган, ҳамқишлоғимиз бўлган Маҳмуд Тоиров Тошкент вилояти жамоасининг билимдон ва ташаббускор сардори сифатида кўпчиликда яхши таассурот қолдирган эди.
Орадан бир мунча фурсат ўтиб, Тошкент давлат университетига, журналистика факультетига ўқишга кирдим ва Маҳмуд ака шу олийгоҳнинг филология факультети кечки бўлимида таҳсил олишини, айни пайтда “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида ишлашини билиб олдим. Шундан сўнг у киши билан яқиндан танишиб, гоҳ Паркент, гоҳ Тошкентдаги турли адабий давраларда тез-тез кўришиб турадиган бўлдик.
Ярим асрлик вақт – бир одамнинг сурату сийратидаги эврилишлар учун етарли муддат. Бироқ йиллар шамоли Маҳмуд Тоирнинг қалби ва қиёфасига кўп-да ўзгариш киритгани, кирита олгани йўқ. Барчамиз билган Маҳмуд ака ўша-ўша жингалаксоч ва алпкелбат, ўша-ўша вазмин ва оқкўнгил, ўзлигини, сажиясини бус-бутун сақлаб, асраб-авайлаб келаётган инсон.
У киши отадан эрта етим қолиб, тўнғич ўғил сифатида рўзғор ташвишларини муштипар онаси билан бирга ўз елкасига олгани, ука-сингилларининг ҳаётда ўз йўлини топиб олиши, оила қуриб, уйли-жойли бўлиши учун қанчалар елиб-югурганини биламан. Бу ҳолат қайсидир маънода унинг эрта улғайишига, дунёга теранроқ нигоҳ билан қарашига сабаб бўлди.
Эҳтимол, мана шу машаққатлар, юракдаги дард унинг шоир сифатида камол топишига замин яратгандир. Ҳар нечук, у ўз эсдаликларида: “Болалигимнинг роҳатидан кўра, азоби кўп бўлган. Балки ана шу азобларнинг оғриқлари, отам раҳматли ўқиган ғазалларнинг оҳанглари мени шоир қилгандир”, деб бежиз ёзмаган.
Маҳмуд ака университетни тугатгач, Ўзбекистон радиосининг “Болалар ва ўсмирлар” редакциясига ишга кирди. Мен “Гулистон” журналида иш бошладим. Икки ёш ижодкор илк машқларимизни бир-биримизга кўрсатиб, ўзбек ва жаҳон адабиётидан ўқиган мумтоз асарларимиз ҳақида фикр алмашиб, ютуқларимиздан қувониб юрдик.
Барчамиз биламизки, аксарият қалам аҳли ўқишни тамомлаб, Тошкентда – катта имкониятлар шаҳрида қолишни афзал кўради. Шу маънода биз, ёр-дўстлари ҳам Маҳмуд аканинг пойтахтда томир отиб, палак ёйишига шубҳа қилмас эдик. Бироқ у ҳаёт тақозосига кўра бошқа йўлни танлади.
Кўп ўтмай, аниқроғи, 1984 йили ўзи суйиб-ардоқлаган, “она деса бир сўзидан уққан, кўксига гул чечагин тумор қилиб таққан ер”ига –“Ватан ичра бу чаман Ватаннинг парчасидир, Чотқол тоғ тизмалари қуёшнинг дарчасидир”, деганича жонажон Паркентига қайтиб, туман газетасида ишлай бошлади… Буни қарангки, мана, орадан қарийб қирқ йил ўтибди, ҳамон бу даргоҳ Маҳмуд ака учун қадрдон.
Бу фактни келтиришдан мурод шулки, бир жойда ўттиз-қирқ йиллаб муқим хизмат қилиш, камтарона лавозимнинг иссиқ-совуғига сабр-бардош бериб яшаш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Айниқса, киши қўлидан катта ишлар келадиган моҳир қаламкаш, таниқли шоир бўлса, уни ўз жамоаси сафида кўришни истайдиган, яхши маош ва қулай шароит ваъда қиладиганлар атрофида албатта кўплаб топилади. Бинобарин, Маҳмуд Тоировга ҳам шу ўтган 38 йил ичида камида 38 та нуфузли жойдан иш таклиф этилганига шубҳа йўқ. Бироқ бу таклифлар ҳарчанд жозибадор, ҳарчанд истиқболли бўлмасин, у она қишлоғини, қадрдон “Паркент тонги” таҳририятини, ҳамкасблари ва шогирдларини ташлаб кетмади.
Аслида шоир зотига нима керак? Бир бурда ҳалол нон, ижод учун тинч жой, давоту қалам бўлса, бас-да. Тағин “шўх ирмоқларнинг товушию майсаларнинг тиллашиши, япроқларнинг сўйлашиши” керак. Чунки унинг бедор ва мутаассир қалби ғунчаларнинг гуллашидан илҳом, илдизларнинг табассумидан қувват олади.
Мени тошлар тинглашади, дили борга ўхшайди,
Еллар сочим силашади, қўли борга ўхшайди,
Аё дўстлар, майсаларнинг тили борга ўхшайди,
Мен дилимни хушлаб тургум, ирмоқлар куйлашганда,
Мен тилимни тишлаб тургум, япроқлар сўйлашганда.
Ижодий фаолиятини эрта бошлаган бўлса-да, Маҳмуд Тоир қирқ ёшларида шоир сифатида танилди. Гап шундаки, у адабиёт майдонига ҳам ўз табиатига хос босиқлик, катта бир ички тайёргарлик