Яшангиз ҳар соат Ҳақдин хабардор,
Токи масъулдирсиз – маъқулдирсизлар.
Бурчни англамоқ ҳам юксак амалдир,
Хулласки, барчангиз масъулдирсизлар.
* * *
Киши биродари учун ҳикматли сўздан афзалроқ нарса ҳадя қилолмайди. Чунки шу ҳикмат сабабли Худо уни тўғри йўлга солиб қўяди ёки ёмон йўлдан қайтаради.
ҲИКМАТ
Ҳикмат ҳадя қилғил биродарингга
Кўчада ва ёки уйга чақириб.
Ҳикматда қалб бордир, ёд бор, ҳикматда
Не шариф зотларнинг умри яширин.
Шу ҳикмат сабабли Худойи карим
Халос айлар уни нопок ўйлардан.
Тўғри йўл кўрсатар биродарингга
Ёки қайтаради ёмон йўллардан.
* * *
Бировни яхши йўлга бошлаб қўйган одамга ҳам ўша йўлга тушиб кетган одам олаётганчалик савоб ёзилиб борур.
ЯХШИ ЙЎЛ
Ёмон, нопок йўллар кўпдир дунёда,
Яхши йўлга бошла бировни доим,
Эзгу амалларни, пок хислатларни,
Билсанг, хуш кўргайдир қодир Худойим.
Билсанг, шу аснода Арши аълода
Ҳар ишинг рўйхатга тизилмоқдадир.
Яхши йўлга тушган зот олганчалик
Сенга ҳам савоби ёзилмоқдадир.
* * *
Она – жаннат ўртасидаги эшиклардан биридир, агар хоҳласанг, ўша эшикни қўлдан бер ёки уни сақла.
ЖАННАТ ЎРТАСИДАГИ ЭШИК
Сен – меҳмон, у – меҳмон, ҳаммамиз – меҳмон,
Дунё ҳам бир меҳмонхонадир, билгил.
Жаннат ўртасида кўп эшиклар бор,
Уларнинг биттаси – онадир, билгил.
Ҳаёт – инсонларнинг келиб кетгувчи,
Беш кун тебрангувчи гул бешигидир.
Энг аввал онангнинг қадрига етгил,
Оналар – беҳиштнинг нур эшигидир.
Хоки пойларига сочгил умрингни,
Ўтмагил дунёдан юрагинг доғлик.
Бу эшик сен учун очиқ бўлгайдир
Ва ё ёпиқ бўлгай – ўзингга боғлиқ.
* * *
Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталарнинг шарафини билмаган кишилар биздан эмасдир.
КИЧИКЛАР ВА КАТТАЛАР
Ота-онадандир асли тарбия,
Садоқат бир ўғил-қиздан эмасдир.
Лекин кичикларга шафқат қилмаган
Кимсалар, билингким, биздан эмасдир.
Билингким, норасо фарзанддир, улким
Элнинг улуғларин дилдан севмасдир.
Яъни, катталарнинг шарафин билмай,
Иззат қилмаганлар – биздан эмасдир.
* * *
Ўлиб кетганларни ёмонлаб ҳақорат қилманглар, чунки улар қилмишларига яраша мукофот ёки жазо оладиган жойга кетганлар.
ЎЛИБ КЕТГАНЛАР
Ўлиб кетганларни ёмонламаслар,
Уларни маломат қилиб бўлмайди.
Улар ранжурдирлар, улар озурда,
Кек сақлаб, ҳақорат қилиб бўлмайди.
Ўзлари биландир қилмишлари ҳам,
Тинч қўйинглар ахир, улар ўлганлар.
Улар мукофот ё жазо олгувчи
Жойга аллақачон етиб