Кўйлагингдан кўрингандай
Кўнглингдаги гулзоринг.
Менинг севгим қолмас, лекин
Қолгай сенинг “Ёр-ёр”инг.
Тун қўйнида юлдузларга
Таралмоқда дил зоринг.
Менинг шеърим қолмас, лекин
Қолгай сенинг “Ёр-ёр”инг.
Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
“Ёр-ёр”ингдан ўлган эдим,
“Ёр-ёр”ингдан тирилай.
ВАТАННИ ЎРГАНИШ
Б.С.
Мен Ватанни на китоб, на
Жаридадан ўрганганман.
Момоларнинг юзидаги
Харитадан ўрганганман.
Боболарнинг таёғию
Чориғини кўргандайман,
Мен Ватанни сўрилардан,
Сўқмоқлардан ўрганганман.
Кинолармас, бул Ватанни
Минорлардан ўргандим мен.
Оқ латталар ҳилпираган
Чинорлардан ўргандим мен.
Хонақоҳлар. Офтобалар.
Кетавердим. Кетавердим.
Ҳар тоғида бир авлиё.
Шул ҳикматга етавердим.
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
Надир манга дурри Адан?
Селинг мени сел этгуси,
Элинг мени эл этгуси.
Бу тепалар, қумтепалар
Остидаги тарих қадар,
Сукунатинг кўрганда мен,
Сукунатни ўргандим мен.
Оқшом яримойинг кўриб,
Кафтларим юзга суртаман.
Бир жисму юз минг руҳдаман,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
Боғинг кўриб мен боғ бўлдим,
Доғинг кўриб ўртандим мен.
Сени Афғон элдан келган
Тобутлардан ўргандим мен.
Пушталарда қолиб кетган
Кўнглим экандирсан, Ватан.
Ёлғиз онам, паришонҳол
Синглим экандирсан, Ватан.
Мен кўксимда қумдай ёнган
Ёдларга видо айтаман.
Ёмғирларингда кетаман,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
Қанча дардга мақбар дилим,
Тун кечалар қақрар дилим.
Ёнғин бўлур жон ила тан,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
Томирларим томир ёйиб,
Томирларингга қайтаман.
Такрор ва такрор айтаман:
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
Юрагимнингдир дарслари
Гўри Амир гумбазлари.
Кўксим тўла ор – айтаман,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
Ҳар кун кўриб, билиб, сенга
Қайта-қайта етавергум,
Ватан, мангу достон Ватан,
Айта-айта кетавергум.
ОЛОВ ЛИБОС
Сарғариб қизлар сариғ лас кийдилар,
Товланиблар сўнгра атлас кийдилар.
Кийдилар чит, шойи, алвон кийдилар,
Ҳар либосни шоду хандон кийдилар.
Бахмалу кимхобни хуррам кийдилар,
Мисли жаннат – Боғи Эрам кийдилар.
Зарлибоским гоҳи-гоҳи кийдилар,
Мисли ҳурларнинг матоҳи кийдилар.
Кўзларида не ситам пинҳон эди?
Ул бири гул, ул бири райҳон эди.
Ҳусни бепардоз менинг мискинларим,
Рўшнолик