* * *
Қайси бир мўминга Худо солиҳа хотин насиб қилган бўлса, демак унинг диёнатининг ярмига ёрдам қилибди. Қолган иккинчи ярми учун унинг ўзи ҳаракат қилсин!
ЯРИМ ДАВЛАТ
Ҳаёли, кўнгилчан бир солиҳани
Худойим умрингга ҳамдам қилибди.
Демакким, имону диёнатингнинг
Ярмига у ўзи ёрдам қилибди.
Сенга муруввату эҳсони шулдир,
Шулдир уйингдаги рахшон юлдузинг.
Қолган ярми учун ўзинг жон чеккил,
Ўзинг азоб тортгил, интилгил ўзинг.
* * *
Неъматга шукр қилиш унинг заволидан омон сақлайди.
ШУКРОНА
Неъматга шукр қил. Пойингда ер бор,
Шукр қил, тепангда турибдир осмон.
Билсанг, ҳар неъматга шукронанг сенинг
Унинг заволидан сақлагай омон.
* * *
Икки неъмат мавжуд бўлиб, кўпчилик одамлар уни қўлдан бой бериб қўядилар. Бу – тансиҳатлик билан бўш вақтдир.
ИККИ НЕЪМАТ
Бу ёруғ дунёда қанча меҳнат бор,
Лекин инсонларга икки неъмат бор.
Кўрингким, не каслар улоқиб йўлдан,
Бу икки неъматни бергайлар қўлдан.
Бу – на бойлик эрур, на шону шуҳрат,
На айвонларию на тахтларидир.
Кўпчилик йўқотган бу икки неъмат
Уларнинг соғлиги, бўш вақтларидир.
* * *
Тангридан фойдали илмни сўранглар. Фойдасиз илмдан эса четлашинглар.
ИЛМ
Дилни зиё бирлан чулғаб ўрангу
Маърифат мулкида чироқ бўлинглар.
Оллоҳдан фойдали илм сўрангу
Фойдасиз илмдан йироқ бўлинглар.
* * *
Яхшилик эскирмайди, гуноҳ унутилмайди, жазоловчи (Худо) эса ўлмайди. Хоҳлаган ишни қил, диёнатингга яраша жазо ёки мукофот олурсан.
ЯХШИЛИК ЭСКИРМАГАЙ
Бу – юз минг азизларни ўздин ўткарган работ,
Бу – юз минг кўнгилларга вафо қилмаган дунё.
Хоҳлаган ишингни қил, юргил хоҳлаган йўлда,
Яхшилик эскирмагай, унутилмагай гуноҳ.
Диёнатинг не бўлса, жазо ҳам шундоқ бўлур,
Фақат Оллоҳ мангудир, ўлмагай фақат Оллоҳ.
Хоҳлаган ишингни қил, юргил хоҳлаган йўлда,
Яхшилик эскирмагай, унутилмагай гуноҳ.
* * *
Оллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради.
ГЎЗАЛЛИК
Ялтироқ дунёнинг аҳволина боқ:
Унда шому саҳар ясан-тусандир.
Бари алдамчидир, бари омонат,
Фақат Худо мангу, Худо гўзалдир.
У гўзал ишларни хуш кўргай билсанг,
Анграйма ҳашамнинг бозорига сен.
Қалбинг гўзал бўлса, ахлоқинг гўзал,
Тушгайсан Оллоҳнинг назарига сен.
* * *
Ҳаёнинг бутун вужуди яхшидир. Ҳаё доимо яхшилик келтиради.
ҲАЁ
Ёмондир имонинг кемтик бўлса гар,
Хушдурур нафсингнинг бўлса ҳудуди.
Яхшилик келтиргай ҳамиша ҳаё,
Ҳаёнинг яхшидир бутун вужуди.