Иттифоқ санъати амалиётида анъана ва таждид масаласига келамиз. Иттифоқ санъатидаги анъанавийликни қуйидаги йўналишларда кузатиш мумкин:
Биринчидан, шоирнинг ўз тахаллуси маъносидан фойдаланиб бошқа шоирлар сингари ўз тахаллусидан иттифоқ санъатини яратиши ижодий анъанавийлик бўлиб, таждидга яқин туради. Зокиржон Фурқат ёзади:
Шеваи нозу тағофил бирла фурқат ўтиға,
Куйдуруб, хоистарим совурдинг, эй қози қизи.90
Албатта бу байтни қуйидагидек ёзсак, агар китобхон мазмунга эътибор берса, энсаси қотар эди:
Шеваи нозу тағофул бирла Фурқат ўтиға,
Куйдириб хокистарин совурдинг, эй қози қизи.
Чунки кейинги талқин ўринсиз бўлиб, Зокиржон Фурқатда олов бор ва унда лирик қаҳрамон ўртанган бўлиб чиқади… Таассуфки, Фурқат асарларининг барча нашрларида ўша байтдаги Фурқат сўзи бош ҳарфда кўчирилган.
Иккинчидан, шоир бошқа шоир тахаллусида иттифоқ санъатини қўлласа, соф анъанавийликнинг кўриниши бўлиб ҳисобланади. Масалан, Мунис ўз асарларида ўз тахаллусида иттифоқ санъатини қўллаган. Кейинчалик бу тахаллусни Роқим ва Авазлар иттифоқ санъатида қўллаганларки, буни соф анъанавийлик десак бўлади. Мунис:
Фироқингда ёлғуз чекармен фиғон кўп,
Бўлуб Мунисим бўйла ҳолимға раҳм эт.91
Байти Мунис асарларида “Мунис” бош ҳарф билан берилиб, фикр соғломлигига зарар етган (1980 йилги нашрда ҳам, 255-бет).
Роқим Мунисга бир неча шеърлар бағишлаган. Шу шеърларнинг биридан икки байт ўқиймиз:
Топар бир дамда сиҳҳат хаста кўнглум,
Менга ул чашми бемор ўлса мунис.
Кечар икки жаҳон султонлиғидин,
Ҳазин Роқим била ёр ўлса мунис.92
Матннинг биринчи байтида “мунис” сўзи тахаллус иттифоқи тарзида қатнашган. Иккинчи байтдаги “мунис”га келсак, бунда иттифоқ санъати эмас, балки ийҳом санъати қатнашган. Бу байтни қуйидагича талқин қилса ҳам бўлади:
Кечар икки жаҳон султонлиғидин,
Ҳазин Роқим била ёр ўлса Мунис.
Келтирилган икки байтдан ийҳом ва иттифоқ фарқларини аниқ сезиш мумкин. Биринчи байтнинг иккинчи мисрасини қуйидагича ёзсак, хато бўлади:
Менга ул чашми бемор ўлса Мунис.
Демак, иттифоқ санъатида шоир тахаллуси ялт этиб эсга тушади, холос. Бу ерда сўзнинг луғавий маъносигина аҳамиятга молик. Ийҳомда эса, ўша сўз икки маъноли бўлиб, мисрани иккала маънода ифодалаш мумкин. Баъзан тасодифан иттифоқ санъати билан ийҳом баробар келиб қолиши мумкин. Чунончи, Зокиржон Ҳабибий ғазалининг мақтаъида шундай ҳодиса содир бўлганки, буни қуйидагидек бемалол икки хил талқин этиш мумкин:
Қурди, Ҳабибим, деди ҳукм айлади,
Кўнглим аро эрди бу аҳком ком.93
Биринчи