Ҳаёт қайиғи (1 китоб). Тохир Хабилов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-895-1
Скачать книгу
назар солсак, турли мамлакатлардаги миллат руҳи ўзига яраша – бир жойда шаклланган, бошқа жойда одамлар бир-бирини қириб ётибди. 2010 йилда дунё аҳли Чили мамлакатидаги шахтада қамалиб қолган шахтёрларни қутқариб олиш жараёнини қизиқиб кузатди. Икки ойдан ортиқроқ вақт мобайнида дунё ахборот воситалари диққати шу жараёнга қаратилди. Бир неча минг метр чуқурликка йўл очилиб, ишчиларни бирма бир ер юзасига чиқариш бошланганда Чили халқи уйда ўтиролмади. Кечасию кундузи Худога нола қилиб, бечораларни қутқаришни сўради. Мамлакат раҳбарияти ҳам қутқариш жараёни бошланган жойга етиб келиб, сўнгги ишчи қутқариб олинмагунча жойидан жилмади. Ҳар бир ишчини ўз жигаридай қаршилаб қучоқлади. Мамлакатнинг миллионлаб аҳолиси бу ишчиларни танимасди. Лекин миллатни бир-бирига боғлаб турувчи қалб меҳри ватандошлари тақдирига лоқайд қарашга йўл қўймади. Бу жонларнинг қутқарилиши миллат байрамига айланди. Камина бу жараёнларни телеэкранда кўриб, оддий байрам қувончига эмас, балки шаклланган миллат руҳи тантанасига гувоҳ бўлдим.

      2012 йилда Мисрда Ҳусни Муборак раҳбарлигига қарши ғалаёнлар бошланди. Одамлар жонларини хатарга қўйиб, сиёсий талаблар билан майдонга чиқдилар. Бунақа ҳодисалар дунёда тез-тез учраб туради. Сиёсий жараёндан фойдаланиб, дўконларга ҳужум қилаётган, талончилик қилаётган муттаҳамларни ҳам телеэкранларда кўрганмиз. Мисрда ҳам шундай бўлди. Ҳатто миллат руҳини акс эттирувчи, муқаддас ҳисобланган масканларга даф қилувчилар ҳам топилди. Қоҳирадаги Тарих музейи дунёдаги энг бой масканлардан ҳисобланади. Ғалаёнчилар музей ёнида жойлашган партия қароргоҳига ўт қўйишганда, одамлар музей ҳимоясига ташланишди. Аскарлар етиб келгунларига қадар қўлни қўлга бериб, тирик девор ҳосил қилиб, музейнинг таланишига йўл қўймадилар. Шунда ўрта ёшлардаги бир араб мухбирнинг саволига кўзда ёш билан жавоб қайтарди: “Биз мисрликмиз! Бу жойда миллатимизнинг руҳи жойлашган. Бу ерни таламоқчи бўлганлар олдин бизнинг жонимизни суғуриб олишсин!” Шу манзарани кўра туриб “Миллат руҳи учун жон куйдирувчилар бор экан, бундай миллат ўлмайди”, деган фикр хаёлимга келган эди. Ҳусни Муборак тахтдан тушиб, ўрнига “Мусулмон биродарлар” фирқасининг вакили ўтиргач, миллат парчаланди. Бир-бирларини қириш пайига тушдилар. Мисрликларга бўлган аввалги фикрим ўзгарди. Улар ҳали миллат сифатида шаклланмаган эканлар. Уларнинг келажаги не бўлар экан, Худо билади!

      Шаҳар сайрига чиққан подшоҳ рўбарўсида гадо пайдо бўлиб тиланди. Подшоҳ унга битта олтин танга бериб, ўзининг сахийлигидан ўзи мамнун ҳолда жилмайди. Гадо эса, норози оҳангда:

      – Эй подшоҳим, ҳисобсиз хазинанг бўлгани ҳолда ўз укангга биттагина танга беришдан уялмадингми? – деди.

      Бу гапдан подшоҳ ажабланди:

      – Ие, қачондан бери сен менинг укам бўлиб қолдинг?

      – Нечун ҳайрону лолсан подшоҳим, ахир сенинг насабинг Одам Ато билан Момо Ҳавводан бошланмайдими? – деди гадо.

      – Ори-ори, сўзларинг рост, – деди подшоҳ.

      – Менинг насабим ҳам шундай: икковимизнинг ота-онамиз