Ҳаёт қайиғи (1 китоб). Тохир Хабилов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-895-1
Скачать книгу
зарур шарти ҳисобланади. Энг даҳшатли ишончсизлик эса – кишининг ўз-ўзига ишонмаслигидир. Шубҳа – хоин, дейдилар ва у одамни уриниб кўришдан, ҳаракат қилишдан қўрқитиб, эришиши мумкин бўлган кўп нарсалардан маҳрум қилади. Ўзига ишониш, ўз қадр-қимматини англаш ақлли одамни янада камтарин, шунинг баробаринда янада саботли қилади. Яна донолар деганларким: “Безбетлик ва мақтанчоқлик – жирканчлидир, бироқ ўзига ишонмайдиган, бу фазилатга эришиш учун ҳаракат қилмайдиган киши жирканчликда ундан қолишмайди”. Яна деганларким: “Кимки интилмаса, у ҳеч нарсага эришмайди, кимки шижоат кўрсатмаса, у ҳеч нарсалик бўлмайди, кимки ўзининг маънавий қувватидан фойдаланмаса, бу қувват уни тарк этади”.

      Ана шу ҳикматлар каминага далда берди. Лекин дастлабки услубдан воз кечдим, сал ўзгачароқ йўналиш маъқул келди-ю, иш бошладим. Аммо дастлабки ёзувларимни ташлаб юбора олмай, асар аввалига жойлаштирдим. Чунки ўша воқеа ҳам ҳаётимнинг бир зарраси эди. Асарнинг илк номи – “Сўнгги уч дақиқа ёхуд ўлимлардан олинган маънолар”ни сақлаб қолгим келди, фақат “Ўлимлардан олинган маънолар” эмас, “ҳаёт ва мамотдан олинмиш маънолар” десам мантиқан дуруст бўлурмикин, деган хаёлга бордим. Қўлёзмани бир неча киши ўқигач, асар номига эътироз билдирилди, мен уларнинг фикрини маъқулладим. Энди бу номдан совуқ нафас келиб тургандай туюлди. Ўйлай-ўйлай, хаёлимда туғилган номлар орасидан “Охирги манзил (Остона олдидаги ўйлар)”ни танладим. Агар умрни автобусдаги саёҳатга ўхшатсак, умр ўтган сайин бекатлар бир-бир ортда қолаверади. Киши истаса-истамаса, охирги манзилга етиб боради. Касбидан қатъи назар, ортига бир қараб олади. Ўтган сурурли йиллари уни ширин хотира шабадаси билан ҳузурлантиради. Уятли дамлари қалбини эзади. Қиёмат куни гуноҳлари кечирилишини умид қилиб, остона ҳатлайди.

      Орадан ойлар ўтиб, бу ном ҳам ўзимга эриш туюлди. Кўпгина адабиётларда “ҳаёт уммони” деган иборани учратамиз. Одам гўё ўз қайиғида уммон бўйлаб сузади. Кимдир қирғоққа етади, кимнидир ярим йўлда довул ғарқ этади. Шуларни ўйлаганимда, “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” деган номда чуқур маъно яширингандай туюлди. Бу ном муҳтарам мухлисларимизга маъқул келар деб умид қилган эдим. Ортиқча танбеҳ эшитмадим, лекин ном ўзимга ҳам чўзилгандай туюлиб, иккинчи нашрни қисқа тарзда “Ҳаёт қайиғи” деб қўйдим.

      Киши ҳаёти давомида яхши-ёмон одамларни кўп учратади. Ёмонларнинг ёмонлигидан азият чекади. Бировлар ўша ёмонга нисбатан кек сақлаб яшайди. Бировлар унутади. Мен кек сақламайман. Бу ҳикматга амал қилиб яшашга интиламан:

      Донишманд шайхнинг ҳузурига бир мўйсафид келиб: “Шайх ҳазратлари, энди мен қариб қолдим, кун ўтказишим ҳам машаққатга айланяпти. Менга панд-насиҳат қилинг, шояд Аллоҳ ишларимни яхши йўлга бошласа”, – дебди.

      Шунда шайх мўйсафидга хитобан дебдики:

      – Биродарим, агар сен эсда тутувчи бўлсанг ҳам, хотиранг юқори мақомда бўлса ҳам, икки нарсани эсдан чиқаргин: аввали – халқ учун қилган яхшилигингни, кейини – бировнинг сенга қилган ёмонлигини.

      – Мардлик ва одамийлик ҳақида ҳам сўз айтинг.

      – Миннат юкига бардош бермоқлик – одамийлик нишонасидир. Қўлидан келадиган ишни ўзгадан дариғ тутмаслик эса мардликдир.

      – Ҳамиша мўъмин ва мусулмон