Ҳаёт қайиғи (1 китоб). Тохир Хабилов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-895-1
Скачать книгу
ўзимни ўзим тергайман: одамлар учун ҳалол ва холис хизмат қиляпманми, дўстлар билан суҳбатда риё йўқми менда, муносабатим самимийми, устозлар таълимини такрорлаб турибманми?

      “Қазисан, қартасан,

      ўз аслингга тортасан”.

      Наслинг ўзи ким?

      Энди муддаога ўтайин:

      Аллоҳ таолонинг улуғ инояти билан тарих минг тўққиз юз қирқ олтинчи йилнинг охирги ҳафтасида, тизза бўйи қор ёққан кунда туғилган эканман. Ўтмишдаги одат бўйича ифода этилса, насабим бундай кўринадир: Тоҳир ибн Абдумалик ибн Ҳобил ибн Мирсоли. Ҳужжатларда “Хабилов” шаклида ёзилганким, кўпчиликни таажжубга соладир. “Тоҳир” ўрнига “Тахир” ёзилганига кўпам эътибор беришмайди (тилимдан тахир сўзларнинг кўп учиши балки шундандир). Ҳужжатлаштириш идораларида ўзбекчадан бехабар ё рус ё татар ходимлар хизмат қилганлари учун кўплаб насаблар русча талаффузга мосланиб ёзилгани ҳаммага маълум. “Ходжаев”, “Кариев”, “Кадиров”, “Таджиев”, “Магомедов”… каби ёзувлар ҳали ҳануз ўзгартирилгани йўқким, бу янада афсусли ҳолдир. Бир синглимизнинг насаблари “Борисовна” деб ёзилибди, билсак, аслида “Боисовна” экан. Фақат тилини эмас, ақлини ҳам қарға чўқиган ходима бу синглимизнинг отасини бира-тўла рус қилиб қўя қолибди. Шунга ўхшаш бизнинг насабимиз “Ҳобилов” ўрнига бир опамда “Кабилова”, яна бирида “Кабулова”, бизда эса “Хабилов” бўлиб қолган. Таассуфки, Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил воқеасини баъзилар билмайдилар. Қобил укаси Ҳобилни ўлдирган. Бизда нечундир ана шу “Қобил” исми кенг тарқалган. Яхши одамлар исмларини қўйиш одатига кўра, “Ҳобил” кўпроқ бўлиши керак эди. “Муса(о)” исмлари кўп, лекин ҳеч ким “Фиръавн” деб қўймайди-ку?

      Ўзим Тошкентда туғилган бўлсам-да, ота шаҳрим Марғилон ҳисобланур, нединким, раҳматли дадажоним Марғилонда ҳунарманд оиласида таваллуд топганлар. Раҳматли опоқдадамиз Мирсоли шаҳар ҳунармандларининг оқсоқоли бўлган эканлар. Атлас каби матолари билан машҳур Марғилон қадим шаҳарлардан. Бу хусусда Мирзо Бобур тарих китобларида ёзмишларки: “Қасабалардин яна бири Марғинондур. Андижоннинг ғарбидадур, Андижондин етти йиғоч йўлдур. Яхши қасаба воқе бўлубтур, пур неъмат; анори ва ўруги асру кўп ва хўб бўлур. Бир жинс анор бўлур, “дона калон” дерлар, чучуклигида зардолу майхушлиғидин андак чошни бор. Самнон анорлариға таржеҳ қилса бўлур. Яна бир жинс ўрук бўлурким, донасини олиб, ичига мағз солиб қурутурлар, “субҳоний” дерлар, бисёр лазиздур. Ови қуши яхшидур, оқ кийик ёвуқта бўлур. Эли сорттур ва муштзан ва пуршару шўр элдур. Жангаралиқ расми Мовароуннаҳрда шоеъдур, Самарқанд ва Бухорода номдор жангаралар аксар Марғинонийдур. Соҳиби “Ҳидоя” Марғиноннинг Рушдон отлиқ кентидиндур”.

      Ота томондан қариндошларимиз асосан Марғилонда истиқомат қилишади. Ҳобил опоқдадамизнинг биргина акалари бўлгани, ул киши Шаҳартепада деҳқончилик қилганларини эшитганман, бошқа маълумот йўқ. Шаҳар аҳли томонидан “Отинча хола”, деб эъзозланган бувижонимиз Тожинисо отин мен