Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-373-4
Скачать книгу
эди. Шу сабабли матбуот ва нашриёт ходимлари уларни “КГБ”нинг ҳуфялари булар”, деб ҳурмат қилишмасди. “КГБ”нинг доимий таъқибида юрувчи шоир Асқар Қосимнинг айнан шу идорага ишга кирганини эшитиб ажабландим. Асқар майда эълонлар, таклифномалар матнини кўриб берарди. Нашр ишларига аралашмасди, хонаси ҳам алоҳида эди. Шунга қарамай, ижодкор дўстларнинг айримлари ундан хавфсирай бошлашди. Асқар буни ҳис қилиб, руҳан эзиларди. То Ғафур Ғулом нашриётидаги кичик бир вазифага ўтгунига қадар шу аҳволда юрди.

      Биринчи оиласи билан узил-кесил ажрашгач, ёши ўтиброқ қолган қизга уйланиб, Қорасарой билан Қўштут оралиғидаги маҳаллага “ичкуёв” бўлди. Ичкуёвнинг ошналари серқатнов бўлса, қайнонага ҳам, хотинга ҳам малол келади, деган мулоҳазада бу уйига деярли бормадим. Қадрдонлигимиз кўчада давом этди. Бир куни кўришаётиб қўлига қарасам, қора мой юқи. “Кечки пайт таксопаркда ишлаяпман, тузукроқ пул топмасам бўлмади”, – деди афсусли оҳангда. Асқар бу пайтда Ғафур Ғулом нашриётида муҳаррир лавозимида ишларди, шеърий тўпламлари, таржималари чиқиб турарди. Қалам ҳақининг ярми алиментга тўланса ҳам, қолгани бир оилани тебратиш учун етарди. Лекин гап шундаки, ке-йинги хотини кўпроқ пул топар экан. Эр-хотин орасида гап қочганда “мен сиздан кўпроқ топяпман”, деб юборган бўлса, бу таъна кўнгли нозик шоирга оғир ботгандир.

      Бир куни “Олдинги хотиним билан кўришдим, кейинги оиласи билан ажрашибди, меники ҳам ўхшамай турибди, ажрашиб, биринчи оиламни тикласаммикин?” – деди. Ҳали ўттизга кирмаган камина бу нозик масалада қандай маслаҳат бера олардим? Асқар эҳтимол ёши катталар билан ҳам маслаҳатлашгандир, ўзи кўп ўйлагандир, ҳарҳолда, иккинчи оиласи билан яшади. Бу орада уни икки марта жиннихонага ётқиздилар. Мен бу пайтда Ғафур Ғулом нашриётида хизмат қилардим. Таҳрир ишларини уйимда бажариб, ҳафтада ёки ўн кунда бир келиб кетардим. Асқар таржимон ва малакали муҳаррирлардан Миржалол ака (шоир Миртемирнинг ўғли), Жўрахон опа, Холида опа, Ҳикоят опа ва Назирахон билан бир хонада ўтирарди. Менинг ёзув столим ҳам шу хонада эди. Бир куни бўлим бошлиғига таҳрирдан чиқарган қўлёзмани топшириб, хонага кирсам, аёллар қаергадир боришга тайёрланиб туришган экан.

      – Вой, Тоҳир, яхши келиб қолдингиз, ишқилиб “отлиқ” келдингизми? –дедилар Ҳикоят опа.

      Мен машинамда кам юрардим, Ҳикоят опа шунинг учун “отлиқ келдингизми?” деб сўрадилар. Бу кун иш шошқич бўлгани учун “отлиқ” келгандим.

      – Асқарни кўргани бормоқчимиз, – дедилар.

      – Асқарга нима бўлди?

      – Вой, ҳали эшитмадингизми? Жиннихонага ётқизиб қўйишди.

      Бу гапдан довдираб қолдим. Дўстлар шундай дейишса, “ҳазиллашяпсизми?” дейишим мумкин эди. Бу опалар ҳазиллашмас эди. Йўлга чиқдик. Жиннихонага етиб боргач, “Мени кўрса, қаттиқ ҳижолат бўлади, кирмай қўя қолай”, девдим опаларга бу гап маъқул келди. Кўчада кута бошладим. Баланд девор ортидаги шоирнинг аҳволини ҳис қилиб, юрагим эзилиб кетди. Шу онда “6-палата”ни