Совет жамиятининг сўнгги йилларида бўш вақт масаласи бўйича масъул идоралар берган маълумотга кўра, ўрта ёшдаги ўқувчиларнинг етмиш фоизи, юқори синф ўқувчиларининг олтмиш фоизи мактабдан ташқаридаги турли тўгараклар, клубларда шуғулланар эканлар. Совет Иттифоқидаги болаларнинг йигирма тўрт фоизи спорт билан доимий банд экан. Ўн уч фоиз ўқувчи бўш вақтларини техникага доир ҳунарларни эгаллашга сарфлар эканлар.
Кўнгилни хотиржам қилувчи бу рақамлар фақат қоғозда эди. Ўшанда қайта текширишдан сўнг “спорт билан шуғулланяпти”, деган маълумотдан 12 миллион боланинг номини ўчиришга тўғри келган. Рўйхатда бор-у, аммо асли йўқ бўлган минглаб тўгараклар аниқланган. Яна аниқландики, 1980 йилдаги рақамлар 1990 йилда озгина бўлса-да, яхшиланмабди. Ўша даврда мактаб ўқувчиларининг 5–6 фоизигина тўгаракларга қатнашар эканлар.
Олтмишинчи йилларда болалар ва ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг ўсиши кузатилди. Бу, айниқса, СССРнинг Европа қисмида кучли эди. Жиноятчиликнинг олдини олишда болаларнинг бўш вақтига ва қизиқишларига диққат қилина бошланди. Ана шу эътиборнинг оқибати ўлароқ, болалар қизиқиб ўйнайдиган ўйинлар тартибга солиниб, умумиттифоқ ўйинларига айлантирилиши маъқул топилди. “Чарм тўп”, “Олтин шайба” каби клублар тузилди. “Светофор”, “Қувноқ эстафета”, “Пионер тўрт кураши” каби ўйинлар юзага чиқди. Болаларнинг оқшомлари бошлайдиган “оқми-қизил”, “пақ-пақ” каби ўйинлари “Зарница” (яшин шуъласи) номи билан ҳарбийлаштирилган ўйинга айлантирилди. Тахтадан ясалган тўппонча, автоматлар ўрнига ҳақиқийлари берилди. Махсус ҳарбий кийимлар тиктирилди. Бу ўйин кейинроқ ўсмирлар ўртасида ҳам ўтказилди.
Болаларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш ҳақида гап кетганда энг аввало уларни жисмоний тарбия – спортга тортиш фикри илгари сурилади. Мен бу фикрни инкор этмайман. Руҳий саломатлик жисмоний саломатликни ҳам талаб этади. “Жиноятнинг узун йўли” рисоласини ёзишга тайёргарлик чоғида спорт билан шуғулланувчи ўсмирлар билан ўтказган суҳбатларимда уларнинг 80 фоизи спорт ҳаётлари учун муҳим эканини айтди. 20 фоиз ўсмир эса ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтишда спорт катта ёрдам берганини таъкидлади. Ҳатто “бўйсунмас”ларнинг 80 фоизи ҳам шунга яқин фикр билдирди. Тўғри, жисмоний тарбия боладаги мавжуд ирода кучига