Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-457-1
Скачать книгу
баъзи-баъзида новвойликдан даромадлари бўлмаса, оиланинг аҳволи нақадар ночор бўлишини тасаввур этиш ҳам қийин.

      Ҳалол киши қорни тўймаса-да, бу фазилати учун улуғ бир неъматга – одамларнинг меҳри-ҳурматига эришади. Дадажоним пенсияга чиққанларидан кейин яна йигирма йил яшадилар. Бу вақт мобайнида бирга ишлаган муаллимлар, қоровуллар, фаррошлар йўқлаб туришарди. Бир одам тўртта нон кўтариб келиб саломлашганда танимадилар. У киши эллик биринчи йили мактабда беш ой қоровул бўлиб ишлаган экан…

      Ҳозир мактаб билан ота-оналар орасида тез-тез келишмовчиликлар чиқиб туради. Ота-оналар мактаб томонидан ҳар хил баҳоналар билан пул талаб қилинишидан норози бўладилар. Айниқса, ёзги таътил олдидан таъмирлаш – бўяш, оқлаш учун пул сўралади. 2013 йили 40-мактаб ўқитувчисига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди. 1 сентябрь арафасида табриклагани бордим. Мактабнинг ташқариси иккинчи қаватга қадар оқланган, юқори қисмининг ранги ўчиб турибди. Ота-оналардан тўпланган пул бино сатҳини тўлалигича оқлашга етмаган эмиш. Қаҳрамонлик бериш ҳақида фармон эълон қилингач, Маориф вазири, шаҳар, туман ҳокимлари келишибди. Ўқув йили бошлангунига қадар таъмирлаб қўйиш ҳокимиятга топширилибди, ҳокимият ваъда берибди. Кузда борсам, ҳеч нарса ўзгармаган, назаримда ҳокимиятнинг бундан зарурроқ юмушлари кўп бўлса керак-да. Битта мактаб биносини оқлаб қўйишдан уларга қандай наф бор? Янги тайинланган директор эса ота-оналардан яна пул йиғиб олишдан хижолат бўлган. Мазкур рисола оққа кўчирилаётган пайтда – 2014 йилнинг июнь ойида ҳам мактабнинг ташқи кўриниши ўтган йилдаги аҳволда – ола-була эди. Бу манзарани оқ шим кийиб, елкасига жулдур тўн ташлаб олган одамга ўхшатиш мумкин.

      Дадажоним ишлаган пайтларда ота-оналардан пул йиғиш деган гап бўлмас эди. Ўзим 1963 йилга қадар шу мактабда ўқиганим, 1965–66-йилда ишлаганим учун буни аниқ биламан. Ёзда таъмирлаш ишлари кенг кўламда олиб бориларди. Бўёқлар ва шунга ўхшаш керакли ашёлар тўла-тўкис бўларди. Қўшни мактаб завхози: “Абдумалик ака, ўн кило бўёқ олиш учун бир ой сарсон бўлдим, сиз шунча бўёқни қандай ундирдингиз?” – деб сўраганини эшитган эдим. Дадажоним одатлари бўйича бу саволга кулимсираб қўйиш билан жавоб қайтарган эдилар. Мен эса буни билардим.

      Эллигинчи йилларнинг бошларида канализация деган қулайлик йўқ эди. Мактаб ҳожатхонаси вақти-вақти билан махсус машиналарда тозаланарди. Совуқ кунларнинг бирида бир машина олиб кетилибди, хизматчи йигит эса унинг қайтишини кутиши керак экан. Дадажоним қарасалар, у ҳожатхона ичида дийдираб турганмиш. Уни синфдаги уйимизга таклиф қилибдилар. У устининг ифлослигидан уялиб кўнмаса ҳам, билагидан ушлаб, мажбурлаб бошлаб кирибдилар. Иссиқ чой берибдилар. У йигит институтда ўқиб, баъзан шу ишда ишлаб даромадини яхшилаб оларкан. Кечга томон йигит хизматини якунлаб, сўнгги машина билан кетибди. Орадан бир неча йиллар ўтиб, май ойининг ўрталарида мактабга яхши кийинган бир одам келиб, дадажонимни сўрабди. Дадажоним