Кунлардан бир кун қўшиқчи синглимизнинг телемухбир билан қилган суҳбатлари кишини таажжубга солди. Синглимиз санъат чўққисини кўзлаб, шаҳарга келибдилар. Эрлари билан ажралишибдилар. Уч ёшли фарзандлари қишлоқда, оналари тарбиясида экан. “Уйга борсам, болам мени танимайди”, – деб кулдилар. (Ақлли она бундай ҳолда йиғлаши керакмасми?) “Оиламни нима қилай?” деган саволларига жавобан устоз қўшиқчи опаларидан: “Сен санъатни ўйла”, – деган “доно” насиҳатни олибдилар.
Ҳеч ким “аввало она бўлинг”, демабди.
Ҳозир “уйга борсам болам танимайди”, –
деб куляптилар.
Кейинчи, йиллар ўтиб йиғламайдилармикин?
Икки туяқуш оила қуриб, кўпайиш илинжида тухум қўярканлар-у, оғирликлари туфайли уни синдириб, кейин фиғон чекарканлар. Охири улар доно туяқушдан маслаҳат олмоқ учун неча куну неча тун йўл босиб, саҳронинг нариги четига борибдилар-да:
– Бизга ёрдам беринг, биздан ҳам насл қолсин, – деб ялинишибди.
Уларнинг изтиробларини тинглаган доно туяқуш:
– Насл қолдириш учун фақат истак-хоҳишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу осон иш эмас, машаққатни енгишингиз лозим бўлади, – дебди
– Қандай машаққатлигини айтинг, биз ҳаммасига тайёрмиз, – дейишибди икки туяқуш.
– Ундай бўлса, диққат билан тинглангу, ёдингизга муҳрланг: насл қолдиришнинг энг муҳим шарти – юрак тафтидир. Қўйган тухумингизга фақат юрагингизнинг ҳароратигина жон бера олади. Шунинг учун унга энг қадрли, энг азиз нарсадай муносабатда бўлинг ва эҳтиётланг.
Эр-хотин туяқуш бу маслаҳатга амал қилишибди. Тухум қўйилгач, ҳар қандай роҳатдан воз кечиб, фақат унинг учун парвона бўлишибди. Очлик, сувсизликка ҳам чидашибди. Оқибат улуғ мукофотга эришишибди – тухум ёрилиб, жажжи туяқушнинг бошчаси кўринибди…
Ашулачи синглимизга Худо овоз берибди, фарзанд ҳам берибди-ю, юрагига ҳарорат бермабди-да, аттанг…
Инсон табиати кўп ғалатидир: бойлигини йўқотса, қайғуради, дунё кўзларига қоронғу кўринади. Аммо, ҳаётининг кунлари мангуга йўқолаётгани билан иши йўқ…
Бир куни каттақўрғонлик нотаниш йигит қўнғироқ қилиб мен билан учрашмоғи ғоят зарур эканини айтди. “Келинг”, – дедим. Ўша куниёқ асрдан кейин етиб келди. “Асрни ўқиб олай”, – деди. Намозни ўқиб олгунича дастурхонга чой-нон келтиришди. Йигит бир пиёла чой ичгач, кетишга ижозат сўради. Ажабландим, шошқич келишининг сабабини сўрадим. Ҳозир таом пишишини, овқатланмай туриб кетишига ижозат бермаслигимни айтдим. “Ака, мен тижоратчиман, сизни бекорга безовта қилибман”, – деди. Мақсадини тушундим: унинг тижорати орқага кетиб, қарз бўлиб қолгандир. Мени бой