Шарқ ривоятларидан бирида бундай ҳикоя қилинади: Бир одам чоғроқ шолча устида ўтирган экан. Ёнига қўшнисини чорлабди. Қўшниси: “Э биродар, шолчангиз бир парчагина-ю, яна менга иззат кўрсатмоқчи бўласиз-а”, – деб кулибди. Шунда лутф кўрсатган қўшни дебди:
– Бир-бирига душманлик қилувчи ноаҳил қўшнилар бутун дунёгаҳам сиғишмайди. Аҳил қўшнилар бир парча шолчага сиғиб, роҳат кўраверадилар. Гап шолчанинг торлигида эмас, кўнгилнинг кенглигида.
Яна бир ривоятда айтилишича, бир бургут човут солиб ҳовлидаги қуённи кўтариб кетибди. Ўша ҳовлида яшайдиган чумчуқ қуёнга ачиниш ўрнига мазах қилиб чириллабди:
– Эй чопағон қуён! Чопағонлигинг ёрдам бермадими?!
Чумчуқнинг чирқиллашини эшитган қирғий учиб келибди-ю, уничовутига илибди. Шунда қуён унга қараб: “Жуда тез учардинг-ку, қанотларинг фойда бермадими?” – деган экан.
Масалдан олинадиган маъно шуки, қўшни бошига келган фалокатдан кулиб, мазах қилиш ярамайди. Балки қўшни оғир аҳволга тушса, унга ёрдам бериб, бундан қутқариш керак. Қўшни бошига келган фалокатдан қувонган кишининг ўзи ҳам бирор фалокатга учраши тайин.
Қўни-қўшнилар орасидаги нохуш ҳолларга кўпинча манманлик сабаб бўлади. Нисбатан тўқроқ, бойроқ одам гердайса, керилса, менсимаса яхши оқибатга олиб келмайди. Айтадиларки, Қиёмат куни камбағал қўшни бой қўшнининг ёқасига ёпишади ва дейдики: “Э Раббим, Ўзинг сўра бундан! Нечун, шариатга кўра менга бериши лозим бўлган нарсани бермади, менга эшигини ёпди?”
Камбағалроқ қўшнида ҳасад, ичқоралик бўлса ундан яхши оқибат кутманг. Қўшнисини норози қилган бойроқ одам Аллоҳ таолонинг истаги билан эртага бойлигидан ажралиб қолиши, қўшнисига ҳасад қилиб иғво тарқатган эса эртага эл-юрт олдида обрўсизланиши, шарманда бўлиши мумкин. Суқрот ҳаким: “Икки нарсани ислоҳга келтириш жуда қийин: қариндош-уруғларнинг бир-бирларига бўлган адоватларини ва қўшниларнинг ҳасадини”, – деганлар.
Кишининг бошига кулфат тушса, биринчи навбатда қўшни ярайди. Шодлигингизни ҳам энг биринчи қўшнингиз баҳам кўради. Қишлоқларда, маҳаллаларда қўни-қўшничиликнинг гўзал анъаналари шаклланган. Доно қариялар бу анъаналарнинг асраб-авайланишини кузатиб туришади. Бироқ, афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчилар яхши анъаналарга амал қилишмайди. Бу даъво, айниқса, ёш оилаларга тегишли. Бир йўлакда тўрт-беш йил мобайнида қўшни бўлиб яшаган оилалар бир-бирларини яхши танишмайди. Эрталаб ишга кетиш чоғларида ёки ишдан қайтишларида икки-уч кунда тасодифан бир кўришиб қолишлари мумкин. Сўнг уйларига кириб кетишгач,