Мактабда яшаганимиз менга ижобий таъсир этди. Кичкина бўлганим учун муаллимлар ҳам эркалашарди, истаган синфга кириб ўтираверардим. Кейин билсам, муаллимлар “ана катта комиссия келди”, деб кулишаркан. Мен кўпинча Дамира опамнинг синфларига кириб ёнларида ўтирардим. Замира опам ҳуда-беҳудага уравергани учун, ундан узоқроқ юришга уринардим. Дамира опам дарс тайёрлаётганларида ҳам бирга эдим. Ёдлашлари керак бўлган шеърларни мен дарров “илиб олиб” ёдлардим. Сўнг столнинг устига чиқиб айтиб берардим. Шеърларнинг кўпи “озод Совет ватани” ва “доҳий Сталин” ҳақида бўларди. Шу тарзда ёшим олтига етмай, ўқиб-ёзишни ўрганиб олдим. Натижада етти ёшга тўлмай, биринчи синфга бордим. Биринчи муаллимамиз Пўлатой опа эдилар. Гарчи минг тўққиз юз эллик учинчи йилнинг биринчи сентябрь куни биринчи синфга борганимда ўқиш-ёзишни билган бўлсам-да, биринчи ҳарфни ўргатган устозим деб мен шу истарали, мулойим аёлни биламан ва унинг ҳақига дуолар қиламан.
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мумкинмикин?
Дунёда исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатлар кўп, Устоз ҳазрати олийларининг улуғлиги ана шундай ҳақиқатлардан бири. Ҳозир ўқувчилар, талабалар ўқитувчиларни “устоз” деб шарафлашади. Биз ўқиган пайтда ундай эмасди. Шу боис илм даргоҳларидаги бу одоб мени кўп хушнуд этади.
Мен оиламизни “муаллимлар оиласи” деб ҳамиша фахрланиб юраман. Раҳматли дадажоним ва аяжоним ўқитувчи бўлганлар. Опаларим ҳам ўқитувчилик қилишди, акаларим институтда, аҳли аёлим ва қудаларим мактабларда устозлик қилдилар. Бугунги кунда қизларим ўқитувчи ва ниҳоят камина ҳам ўқитувчи… Набираларим ҳам шу касбни танлашса ажаб эмас. Демоқчиманки, ўқитувчилик заҳмати ва шарафи бизга бегона эмас.
Баъзан нотаниш йигит-қизлар тўйга таклиф қилиб келишади. “Булар кимлар?” – деб сўрайман аҳли аёлимдан. “Ўқувчиларим”, – дейди у фахр билан. Мактабни битирганларига беш-олти йил бўлса-да, устозларини эслаб, тўйга таклиф қилиб келишларида мен икки хил саодат кўраман: биринчиси, устознинг шодлиги – демак, унинг меҳнати самарасиз кетмабди, иккинчиси – шогирднинг одоби, гўзал фазилати – демак, устознинг ҳақини унутмабди. Мана шу фазилат уни ҳаётда камолотга етказувчи бир қанотдир.
Киши ҳаёти давомида кўп одамлар билан учрашади, танишади, вақт ўтиши билан эса айримларининг ўзини ҳам, исмини ҳам унутади. Лекин боғчадаги мураббиянинг, илм даргоҳидаги устознинг исмини ҳеч ким унутмаса керак. Афсус шундаки, исмини унутмаслик баробарида: “У мени дарсда қийнарди, ҳеч яхши баҳо қўймас эди”, – деб таъна билан эслайдиган ношукурлар ҳам учрайди. Арзимаган кичик бир хизмат