– Ўн етти, ўн саккиз, ўн тўққиз…
Алимардон уларга қараб жилмайиб қўйди. Ҳаёт ўз йўлидан борар, баҳор болаларга ўз қувончи, ўз шодликларини сахийлик билан тақдим этган эди.
Алимардон қизалоқларнинг олдидан секин-секин юриб ўтиб кетди. Қизчалар парво қилишмади унга. У яна йигирма қадамча юриб, болохонали уй ёнбошидаги кўкиш эшикни кўриб тўхтади. Юрагининг бир бурчида шунча йиллардан бери мудраб ётган аллақандай пок, аммо азобли туйғулар бирдан туғён урди-ю, нафаси тиқилиб қолди. Бир вақтлари – бундан уч йил бурун у ўзининг дўстлари билан, ёшлик завқига тўлган йигитлар билан мана шу ердан бир кўча бўлиб ўтиб, кўкиш эшикдан кириб борган эди. Уни қучоқ очиб, фарзандим, деб кутиб олишган эди. Энди-чи…
У қўлга тушиб қолишдан чўчигандек оёқ учида юриб яқин борди. Эшик қия очиқ турарди. У бошини бир томонга эгиб аста мўралади. Ҳовли ўртасидаги водопровод жўмрагидан, сув шариллаб оқиб ётар, цемент ҳовузча тўлиб чиқиб, ариқча четидаги барқ уриб ётган ўсмаларга тошиб кетганди.
Унинг кўз ўнги қоронғилашиб, энтикиб кетди. Ҳамма нарсанинг қадри йўқолганидан кейин билинаркан. Шу топдагина, у Муқаддамни севганини, қаттиқ севганини тушунди. Тушунди-ю, енгил титраётган қўллари билан эшик занжирини қоқди.
Ичкаридан аёл кишининг “ҳу-ув” деган товуши эшитилди. Айвоннинг ойнабанд эшиги тарақлаб очилди-да, қайнонаси кўринди. У йўлакда турган одамни кўрмади шекилли, кафтини қуёшдан пана қилиб тикилди. Алимардон унинг қўллари хамир юқи эканини кўрди. Кампирнинг эгик гавдаси тағин ҳам кичрайган, мункиллаб қолган эди. Алимардон Муқаддамга уйланганидан кейин бу ҳовлига кам келган, қайнонасини ҳам, қайнотасини ҳам кам кўрган, улар уйига боришганида рўйхуш бермас эди. Ҳозир у кампирни ғам-ғусса адо қилганини пайқади.
– Келаверинг, – деди кампир паст, ожиз товуш билан.
Алимардон кирмади, киролмади. ўша, Муқаддам ҳайдаб юборганидан бери бу уйга қадам босишга ҳақи йўқлигини биларди.
Кампир жавоб бўлмаганидан ҳайрон қолди шекилли, зиналардан авайлаб қадам босиб ҳовлига тушди. Сув тошиб ётган ўсмаларни четлаб ўтиб, йўлак ёнига кела туриб, таққа тўхтаб қолди.
– Келинг, – деди у беихтиёр. Кейин бирдан ранги ўчди. Хира кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Бегона, қора ниятли одам олдида тургандай дока рўмолининг учи билан юзининг ярмини яширди. – Нега келдингиз? – деди овози титраб. – Нима керак сизга?
Алимардон шу бир оғиз сўздан – тубсиз алам, бир олам нафрат оҳангиданоқ ҳаммаси тамом бўлганини тушунди.
– Мен… – Алимардон қайнонасининг кўзларига қарай олмай тескари ўгирилди. – Ўғлим қани? – деди юрагидаги гапни айтиб.
Айвон эшиги яна шарақлади. “Муқаддам”. Алимардон юрагини титратиб юборган ҳаяжон ичида ярқ