“Ўзбекчилик қиляпти. Бўлмаса аллақачон ҳайдаб юборарди”.
– Ўтир, – деди ниҳоят Анвар кўрпачага имо қилиб.
Икковлари ёнма-ён ўтиришди.
– Қачон келдинг?
“Тулкилик қилма!” – деб ўйлади Алимардон унга бурилиб қараб. Аммо Анварнинг хотиржам кўзларига кўзи тўқнашди-ю, бепарво жавоб берди:
– Ҳозир… Кетмоқчи бўлиб тургандим.
Анвар анчагача индамай ўтирди. У айвоннинг йўғон устунига тикилиб турар, чамаси, муҳим бир нарсани айтгиси келар, аммо керакли сўзларни топиб ололмасди. Ниҳоят, ҳовли томонга шошилинч қараб олди-да, Алимардоннинг кўзларига қараб сўради:
– Муқаддамда нима қасдинг бор эди?
Алимардон ич-ичидан сесканди. Истеҳзо билан кулиб кўзларини олиб қочди.
– Хурсанмисан?..
Анварнинг кўзлари чақнаб кетди. Ранги қув ўчиб, лабини тишлади. ўша тўйга айтиб борган куни Муқаддамнинг оғироёқ эканини кўрганида сўна бошлаган ўт, Эътибор оғироёқ бўлганидан бери бутунлай сўнган эди.
– Ҳалиям одам бўлмабсан!.. – деди у овози титраб. – Боланг бор, ахир…
У Алимардоннинг энг нозик ярасига тегиб кетди. Алимардон бу ерга ҳам фақат мана шунинг учун – боласи туфайли келган эди. У Анвардан енгила бошлаганини ҳис этиб, лов этиб ёнди.
– Жиғимга тегма! – деди тишлари қисирлаб.
Анвар унинг аҳволини тушунди. Анчагача ўйланиб ўтирди-да, шу топда айтиш керак бўлган энг зарур гапни топди:
– Юр, Муқаддамларникига борамиз… – у бир лаҳза ўйланиб давом этди: – Ё ойимлар борсинларми?
Алимардон бу ерга худди шунинг учун келган эди. У юрагининг бир бурчида, энг ашаддий душмани бўлса ҳам мана шу Анвар ёрдам бериши мумкинлигини биларди. Шунда ҳам ўзидан паст деб юрган кишисига бўйин эггиси келмади.
– Кераги йўқ!
Анвар унинг сидқидилдан гапирмаётганини тушунди шекилли, яна қистади:
– Кеч бўлиб кетяпти, тур…
Улар Иқбол холанинг тайёр ошини ташлаб чиқиб кетишди…
Тор кўчалар чанг-тўзон, болалар қий-чув солиб мактабдан қайтишарди.
Алимардон руль чамбарагидан ушлаганча кўча бошида турар, Анвар кириб кетган ўша кўкиш эшикка қараб-қараб қўяр, кетма-кет сигарет тутатарди. У ҳаммадан ҳам Муқаддамни кўрганида ўзини йўқотиб қўйишидан ваҳимага тушар, совуқ гаплашиб, унинг ўзини айбдор қилиб қўйиш, ялинтириш кераклигини ўйлар эди.
Оқшом қуюқлашиб кетди. Кун бўйи ўз ташвиши билан елиб-югурган шаҳар устига тунннинг қора қуши келиб қўнди. Одамлар бир оз тинчиб қолишди. Осмонда якка-ёлғиз шошқалоқ юлдузлар ёнди. Деразаларда чироқлар парпиради. Телевизорли уйлар дарчасидан кўкиш нур ёғила бошлади. Кўл четидаги боғда сурнай садолари янграб кетди. Шабада аллақаердан ёзлик кинотеатр карнайнинг овозини олиб келди. Ҳар ким ўз кўнгли тусаганча дам ола бошлаган эди.
Фақат битта ҳовлида – Анвар кириб кетган уйда тошдай сукунат қотган, тиқ этган товуш эшитилмас, гўё Анвар ҳовлига киргану аллаким қазиб қўйган тубсиз чуқурликка тушиб