Стив Жобс. Уолтер Айзексон. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Уолтер Айзексон
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-150-4
Скачать книгу
ўйлаб топишни таклиф қилди. Мэнок Жобсга бошдан оёқ кўз югуртириб, пулни олдиндан беришини сўради. У эса кўнмади, лекин Мэнок шунга қарамай, ишга киришди ва бир неча ҳафта ўтиб, ҳеч бир ортиқча деталларсиз чўзиқ пластик корпус тайёрлади. У қулайлик ва оддийликни ўзида мужассам этарди. Жобс хурсанд бўлиб кетди.

      Сўнгра таъминот блокига навбат келди. Вознякка ўхшаган гиклар бундай майда-чуйда нарсаларга эътибор бермасди, лекин Жобс бу энг муҳими деган қарорга келди. Масалан, у вентиляторсиз компьютер ясаш ҳақида ўйларди, чунки компьютерга ўрнатилган вентилятор дзен принципларига зид бўлиб, ишдан чалғитарди. Жобс электротехникани яхши тушунадиган Элкорндан маслаҳат сўраш учун Atari’га борди. “Эл мени Род Холт билан таништирди. Ақли ўткир инсон, марксист, ашаддий чекувчи Род кўп бор уйланган ва ҳамма нарсани тушунарди”, – деб эслайди Жобс. Жобсни биринчи марта кўрган Мэнок ва бошқалар каби Холт ҳам унга ишонқирамай қаради. “Мен қиммат оламан”, – деди у. Лекин Жобс бу ўзини оқлашини ҳис этиб, исталган нархни тўлашини айтди. “Мана шундай қилиб, Стив мени бўйсундирди”, – деб эслайди Холт. У кейинчалик Apple’га тўлиқ ставкада ишлашга ўтиб кетади.

      Стандарт линиявий таъминот блоки ўрнига Холт, осциллографлар ва бошқа қурилмаларда бўлгани каби, импульс таъминот блокини ясади. Бундай таъминот блоки секундига олтмиш марта эмас, балки минг марта ўчиб ёнарди, бу эса трансформаторнинг камроқ қизишини таъминларди ва унинг ишлаш самарадорлигини оширарди. “Импульс таъминот блоки Apple II’нинг тизим платаси каби инқилобий ечим бўлиб чиқди, – деб қайд этганди кейинчалик Жобс. – Компьютерлар тарихи китобларида Холтнинг исми кам тилга олинади, аслида тескариси бўлиши керак. Ҳозир импульс таъминот блоклари ҳар бир компьютерда турибди ва уларнинг барчаси Роднинг ихтиросидан кўчириб олинган”. Возняк жуда ақлли бўлишига қарамай, уни ўйлаб топа олмасди. “Мен импульс таъминот манбаини ғира-шира хаёлимга келтира олардим”, – деб тан олади Возняк.

      Жобсни отаси доим, ҳатто майда-чуйда деталлар борасида ҳам мукаммалликка интилиш керак деб ўргатганди. Жобс Apple II тизими платасининг топологиясига ана шундай ёндашди: биринчи чизмани у қабул қилмади, чунки чизиқлар у хоҳлаганидек тўғри эмасди.

      Мукаммалликка ўчлик Жобснинг ҳамма нарсани назорат қилишга интилишини кучайтирди. Кўпчилик ҳаваскорлар ва хакерларга қўшимча деталларни охиригача ясаш, қайта ясаш ва компьютерга ўрнатиш ёқарди. Жобснинг фикрича эса бу фойдаланувчи компьютердан оладиган таассуротни бузарди. Дилида хакер бўлган Возняк унга қўшилмади. У Apple II’га саккизта слот қўшишни хоҳлади. Уларга кичикроқ монтаж платаларини ва ташқи қурилмаларни ўрнатиш мумкин эди. Жобс принтер ва модем учун фақат икки слотни қолдиришни таклиф қилди. Возняк буни шундай эсдайди: “Одатда мен тезда рози бўламан, лекин бу сафар гапимда туриб олдим: “Агар шунақасини хоҳласанг, унда ўзингга бошқа компьютер ясаб ол”, – деб айтдим. Мендек инсонлар эртами-кечми ўз машинасини модификациялашни хоҳлаб қолади