Стив Жобс. Уолтер Айзексон. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Уолтер Айзексон
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-150-4
Скачать книгу
Сизга бу албатта ёқади”, – деди у тантанавор оҳангда. Терреллга бу таъсир қилди ва у Жобс билан Возга ўзининг ташриф қоғозини берди. “Ўйлашиб кўрамиз”, – деб ваъда қилди у хайрлашаётиб.

      “Мен бунга тайёрман”, – деб кириб келди эртаси куни Жобс оёқ яланг Терреллнинг дўконига. У битим тузишга муваффақ бўлди. Террелл 50 та компьютерга буюртма берди, лекин битта шарт қўйди: унга 50 доллар турадиган босма платаларнинг кераги йўқ эди, чунки унда харидорлар ўзлари зарур микросхемалар сотиб олиб, компьютерни мустақил теришига тўғри келарди. Бундай маҳсулот кўпчилик харидорни ўзига тортмасди. Террелл платалар тўлиқ комплект ҳолда бўлишини талаб қилди; ўшанда у буюртма тайёр бўлиши билан уларнинг ҳар бирига 500 доллардан тўлашга тайёр эди.

      Жобс дарҳол HP’даги Вознякка қўнғироқ қилди. “Ўтир, бўлмаса думаллаб тушасан!” – деди у. Возняк тик турганини айтди, лекин Жобс барибир унга янгиликни етказди. “Мен шунчаки қаттиқ ҳайратда қолдим, – деб эслайди Возняк. – Бу лаҳзани мен ҳеч қачон унутмайман”.

      Буюртмани бажариш учун икки дўст 15 минг долларлик деталь сотиб олиши керак эди. Уларнинг Хоумстеддаги эски таниши Аллен Баум ва унинг отаси Воз ва Жобсга 5 минг доллар қарз беришга рози бўлишди. Стив Лос-Альтосдаги банкдан кредит олишга уриниб кўрди, лекин кутилганидек, уни кўрган менежер талабномани рад этди. Ўшанда Жобс Halted дўконига бориб, деталлар эвазига Apple акцияларининг бир қисмини таклиф қилди, аммо дўкон эгаси “иккита исқирт йигит”га рад жавобини берди. Atari’даги Элкорн уларга микросхемаларни сотишга тайёр эди, лекин улар бунинг ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши керак эди. Ниҳоят Жобс Cramer Electronics менежерини Терреллга қўнғироқ қилишга кўндира олди. Террелл Жобс ва Возга компьютерларга 25 долларлик буюртма берганини тасдиқлаши керак эди. Террелл уни баланд овозда телефонга чақиришган вақтда мажлисда эди (Жобс ўз айтганида туриб олишни биларди). Cramer менежери унинг олдига пала-партиш кийинган икки йигит “Байт” буюртмаси билан келганини айтиб, уларга ишониш мумкинми деб сўради. Террелл барчаси тўғрилигини тасдиқлади ва дўкон Жобсга 30 кунга деталларни кредитга беришга рози бўлди.

      Гараждаги цех

      Кредитга сотиб олинган деталлар ҳақини тўлаш муддати тамом бўлиши билан бир ойдан сўнг “Байт”га етказиб берилиши керак бўлган илк 50 та Apple I компьютери Жобсларнинг Лос-Альтосдаги уйида терилди. Ишга бўш бўлган ҳар ким, масалан, Жобс, Возняк, Дэниел Коттке, унинг собиқ севгилиси Элизабет Холмс (у сектани ташлаганди) ва Жобснинг ҳомиладор синглиси Патти жалб қилинди. Паттининг собиқ ётоқхонаси, ошхона столи ва гараж иш жойига айлантирилди. Заргарлик маҳорати дарсларига қатнайдиган Элизабет микросхемаларни кавшарлади. “Умуман олганда, мен ишнинг уддасидан чиқдим, лекин бир марта микросхемалар устига қотишмани томизиб юбордим”, – деб эслайди Элизабет. Стивнинг жаҳли чиқди. “Ортиқча деталлар бизда йўқ”, – деди у ҳақли равишда ва Элизабетга ҳисоб юритишни ва ҳужжатларни расмийлаштиришни топширди, кавшарлашни эса ўзи бажарди.