Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Салом Муҳаммад
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-5990-8-6
Скачать книгу
ёзувчилару адабиётчи олимлар ҳам келишди. Тушликда ҳаммага палов тортилди, боғда тайёрланган мусалласлар, ижодкорлар ўзлари билан олиб келган ҳар хил ичкиликлар дастурхонга қўйилди. Сўнгроқ ҳар ким ўзича боғнинг турли бурчакларига тарқалиб кетдилар, ўзларича ҳордиқ чиқардилар. Уларнинг кўплари билан Нуриддин чуқур мулоқотда бўлган эса-да, нечундир у ўзига сира ўхшамасди: кўнглининг тубида қандайдир бир қоронғу ўпқон бору гоҳида ўшанга қулаб тушаётгандай, унинг қаърига чўкиб бораётгандай сезарди ўзини. Табиатдаги ажиб уйғониш, қийғос гуллаган олма дарахтларига учиб, қўнаётган асаларилар – фусункор боғ ҳам унинг дилига калит сололмади – қора ўпқонни йўқотолмади.

      “Наҳотки қаттиқ чарчаганман? – деб ўйлади у ҳашарчилар кетгач, боғ тинчиб қолгач. – Бир ювиниб олиб, мириқиб ухлаш зарурмикан?”

      Шу фикри ўзига маъқул тушдию қўлидаги самбит толидан ўзи ясаб олган нафис таёқчани ўйнаганча бинога кирди. Кираверишда қоровул йигит телефон ёнида, юмшоқ курсида мудраб ўтирибди. Нуриддин ундан ҳол сўрадию уйга сим қоқиш фикрига келди. Тик турганча рақам терди. Дастакни хотини олди. Ҳаммаси жойида: у ҳам, болалари ҳам шанбаликда иштирок этиб, қайтишибди.

      – Эртага болалариз билан бирга ёнизга борсак, бир кун бўлсаям боғда дам олсак, сизга халал бермаймизми, дадаси? – сўради хотини.

      – Жуда яхши ўйлабсан, ҳозир боғ жуда зўр. Келаверинглар, – деди у ва нохос эсига тушди: – Қоғозим тугаяпти, бир даста сарғиш қоғоз билан бир оз новвот олиб келсаларинг… – у дастакни қўйиб, таёқчага ярим таянганча юқорига, учинчи қаватга кўтарила бошлади. Айни шу лаҳзада у ақлига сиғдира олмайдиган бир рўё кўрди. Кўз ўнгида ғалати манзара жонланди: эгнида қорамтир чопон, белида белбоғ, бошида дўппи, қўлида узунроқ, қийшиқ таёқ-ҳасса тутиб, тупроқли йўлда, бир оз чангга беланганча оломон қуршовида унинг ўзи кетиб бораяпти, чанг-ғуборлар орасидан у аранг кўзга ташланади. Атрофида эса укалари, яқин кишилари… Ортига назар солдию титраб кетди: тобут тебраниб бораяпти… Ким у? Отасими? Онасими? Ёхуд…

      – Ё Оллоҳим! – деб юборди Нуриддин беихтиёр. – Бундай кунни ҳали бошимга солмагайсан! Ҳеч бўлмаса, йигирма-йигирма беш йил тинч қўйгайсан… Ҳали онам ҳам, отам ҳам роҳатимизни кўрмаганлар.

      – Нима бўлибди, ажал ҳали улар роҳат кўрмаган, деб кутиб ўтирадими? – деган ички бир овоз унинг дилини баттар ларзага солди.

      – Кўпам ваҳима қилаверма, – деди яна ўзини босиб у. – Ҳаммаси соғинчдандир. Шу боис ҳар хил фикрлар бошингда айланаверади. Ҳа, айтганча, мана буни ҳасса қилиб юрибсан… – Нуриддин қўлидаги чиройли, самбит таёққа тикилдию бутун вужуди қақшаб, уни иккинчи қаватнинг очиқ ойнасидан кўчага улоқтириб юборди. Кўнгли сал таскин топди. Болалик йилларида таёқ-ҳасса бобида онасининг танбеҳларини яна эслади. У ёхуд укалари таёқни ҳасса каби ишлатсалар, супургини тик қўйсалар, анчагина иримчи оналари дарҳол дашном берарди:

      – Бировни ўлимини тилаяпсилами? Мурдашўйлар ўргатдими, а?

      Шубҳасиз, ўша чоғларда бу гап мурғак қалбларга таъсир этиб,