Кўҳинур. Аҳрор Аҳмедов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Аҳрор Аҳмедов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-59-873-7
Скачать книгу
иккала ҳукмдорнинг навбатдаги учрашувида Шоҳ Тахмасп юрагидаги гинасини тўкиб солди. У Ҳумоюндан хафа бўлганини баён қилди. Ҳумоюн ҳам ўз ҳаракатларидан тонмади, бироқ ўша пайтда Ҳиндистон ҳудудига кўра Эрондан катталигини назарда тутиб шундай қилганини тан олди.

      «Тўғри, – деди Тахмасп ғазабини аранг босиб, – бу бемаъни шуҳратпарастлигингизнинг салбий оқибати шу бўлдики, сиз бу улкан ҳудудни бошқара олмадингиз, бир тўда қўғирчоқлар сизни у ердан қувиб чиқарди, сиз оилангиз ва болаларингизни уларга асир қилиб ташлаб чиқдингиз».

      «Биз ҳаммамиз Яратганнинг қулларимиз. Аллоҳнинг буюргани бўлади, – деб Ҳумоюн заҳарҳандалик билан суҳбатга чек қўйди.

      Ўзини бир оз босиб олгач, Шоҳ Тахмасп Ҳумоюнни бағрига босиб, унга омад тилади.

      «Энди йўлга отланинг. Аллоҳ ҳамиша ўз паноҳида асрасин», – деди ва Ҳумоюнга иккита олма, битта пичоқ бериб хайрлашди. Кичик шаҳзода Баҳром мирзога Ҳумоюнни пойтахтдан анча масофагача кузатиб қўйишни тайинлади.

      Ҳумоюнни шаҳзодалар кутиб олган жойга етишгач, Ҳумоюн Тахмасп берган олмаларнинг бирини иккига бўлиб, ярмини Баҳром мирзога берди, иккинчисини ўзи еди. Шундан сўнг чўнтагидан бир узук чиқариб, уни Баҳром мирзонинг қўлига тақиб қўйди.

      «Бу узук онамдан мерос қолган. Уни совға сифатида сақланг. Менинг сизга бўлган меҳрим шунчаликки, умримнинг қолган қисмини сиз билан ўтказишга тайёрман. Ҳарҳолда менинг обрўйим бир оз таҳдид остида, шунинг учун мен кетишим керак», – деди у.

      «Ишончингиз комил бўлсинки, мен бу узукни дўстлигимиз рамзи сифатида сақлайман, – дея жавоб берди Баҳром мирзо, – омон бўлинг, ишларингизда омад ёр бўлсин».

      Ҳумоюн 1544 йил охирларида Эрон ҳудудидан чиқиб кетди. Ўн икки минг кишилик мадад армияси унга Сейистонда келиб қўшилиши лозим эди.

      Ғалабага осонликча эришилмади. У аввал Қандаҳорни, кейин Кобулни қўлга олиб, ўша ерда ўғли Акбар билан дийдор кўришди. Комрон билан бўлган кейинги зиддиятлар уни укаси билан ажралишга олиб келди ва оқибатда исёнкорнинг кўзларига мил тортилди. Шундан кейингина Ҳиндистон тахтини қайта эгаллашига имкон туғилди. Чунки эски рақиби Шершоҳ Сурнинг валиаҳдлари нобоп чиқиб қолдилар. Бироқ Ҳумоюн қайта қўлга киритган тахтида бир неча ойгина ҳукм юрита олди, холос. Унинг омад тоши бўлмиш Бобурнинг олмоси бой берилган эди. Унинг сулоласидан икки авлодгина унга эга бўла олди.

      Учинчи боб

      1547 йилда Бобурнинг олмоси Ҳумоюн қўлидан кетганига уч йил тўлмасдан олмос Эрондан Ҳиндистон жанубидаги Деккан музофоти ҳудудига ўтди. Деккан 1347–1518 йилларда мавжуд бўлган буюк Бахмонийлар салтанатининг парчаланиб кетиши натижасида ҳосил бўлган мамлакат эди. У бешта хонликдан иборат бўлиб, Аҳмаднагар, Бедар, Берар, Бижапур ва Голконда вилоятларини ўз ичига олган эди.

      Савол туғилади: наҳотки Бобурнинг олмосини Эрон шоҳи Тахмасп Аҳмаднагар ҳокими Бурхон Низомшоҳга ҳадя қилган бўлса? Ўта хасис ва очкўз Тахмасп бу бебаҳо олмосни Эрондан жуда