Шоҳнинг укалари ва вазирлари шоҳсупанинг ҳар икки томони бўйлаб ҳурмат белгиси сифатида қўлларини кўксига қўйиб қатор ўтиришди.
Шоҳ Тахмасп Ҳумоюннинг ҳурматини ўрнига қўйиб, тавозе билан кутиб олди ва ўзининг ўнг тарафида ажратиб қўйилган ўриндиққа таклиф қилди. Ҳумоюншоҳ форс тилида бемалол гапира олгани боис икки ҳукмдор ўртасидаги суҳбат равон кечди.
Ҳумоюн Шоҳ Тахмаспдан Ҳиндистондаги салтанатини қайтариб олишга ёрдам беришини сўради. Тахмасп агар Ҳумоюн шиа мазҳабини қабул қилса, унинг ихтиёрига ўн икки минг кишилик қўшин беришини айтди.
Нима, тарих қайтариляптими? Отаси Бобуршоҳ Самарқандни қайтариб олиш учун Шоҳ Исмоилдан ёрдам сўраганда ана шундай шарт қўймаганмиди? Шу боис, Ҳумоюн бу масалани обдон ўйлаб кўриш учун муддат сўради.
Ҳумоюннинг қароридан хабардор бўлгач, Шоҳ Тахмасп уни бир куни Қазвин атрофидаги чакалакзорга шикорга таклиф қилди. Қалин майсалар билан қопланган баҳаво бир кенгликка чодирлар тикилди. Минглаб ёввойи қушлар осмонни тўлдириб учарди. Ҳумоюн бу ерга келишидан бир неча кун аввал атроф қишлоқларнинг аҳолиси ва шоҳ қўшинининг навкарлари ёрдамида ён-атрофга тарқалган қушларни бу ерга тўплаган эдилар. Бир жойга тўпланган қушлар ажойиб бир гўзал манзара ҳосил қилган эди. Шоҳ Тахмасп билан Ҳумоюншоҳ олдиндан тайёрлаб қўйилган ов майдонига кириб келишганда барча жониворлар уларнинг мўлжалини кутиб туришган эди. Кейинроқ ҳукмдорлардан қолган-қутган жониворларни овлаб ўз маҳоратини синаб олишлари учун ов навбати кичик шаҳзодалар ва вазирлар ихтиёрига берилди.
Шикордан сўнг ўз чодирига қайтгач, Ҳумоюн Жавҳар офтобачига қимматбаҳо тошларни олиб ке лишни буюрди. У Бобурнинг олмоси ва бир неча Бадахшон лаълларини дур билан бир қутига солиб, «Булар Шоҳ Ҳазратларига атаб Ҳиндистондан келтирилган», деб ёзилган хат билан Байрамбекка узатди ва уларни Шоҳ Тахмаспга олиб бориб беришини сўради.
Байрамбекнинг ҳайрат билан очилган кўзларига қараб, Ҳумоюн: «Мен Эрон шоҳи олдида тилим қисиқ бўлишини истамайман. Бу тошлар Тахмаспнинг менга кўрсатган ҳурмати ва ёрдами ҳаққини бемалол қоплайди», – деди. Байрамбек Шоҳ Тахмаспнинг Ҳумоюн Қазвинга келиши олдидан кўрган даҳшатли қиёфасини кўргандан буён у билан юмаюз келмаган эди. Унинг хасислигидан яхши хабардор бўлган Байрамбек, ўзининг бу сафарги шоҳ билан бўладиган учрашуви икки ҳукмдор ўртасидаги англашилмовчиликларга барҳам беришига умид боғлади.
Қопланган қути ичидаги дуру гавҳарлар ва қим-матбаҳо тошларни кўриб, Шоҳ Тахмаспнинг кўзлари ўйнаб кетди. Бунчалик катта ҳажмдаги ва бундай ёрқин товланадиган қимматбаҳо тошни кўриш унга шоҳона ҳаёти давомида насиб бўлмаган эди. У таниқли заргарларини чақиртириб совғаларнинг қим – ма тини аниқлашни буюрди. Барча мутахассислар уларнинг бебаҳо эканини тасдиқлагач, шоҳ қабул қилганини билдириб, қутини камзулининг чўнтагига