Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
ҳаммаёқ жимжит. Қирғоқ бўйлаб қия тепалик чўзилиб кетган тоғ этакларига қоронғилик чўкмоқда, осмоннинг у ер-бу ерида юлдузлар милтиллаб кўринмоқда.

      Овулга келганига бир неча кун бўлса ҳам ўзини четга тортиб, ҳеч кимга қўшилмай юрган Дониёр ошна-оғайни орттира олмади. Бировга ёндашмас, жанжаллашиш, тортишиш нималигини билмас, бировга яхши ҳам гапирмас, ёмон ҳам гапирмас эди. Овулга яхшилик ҳам қилиб, ёмонлик ҳам қилиб, йиғилишларда сўзлаб, тўй ва маъракаларда қариялар билан ёнма-ён ўтириб, элнинг иссиқ-совуғига аралашиб юрган ўктам йигитлар қадр-қимматли бўлиб, дарров оғизга тушадиган, хотин-қизларнинг назарига илинадиганлар ҳам шулар бўларди.

      Дониёрга ўхшаб эртадан кечгача тер тўкиб ишлайдиган, лекин ўзини бошқалардан четга олиб юрадиган, ўзи билан ўзи бўлиб, бировга зарари ҳам, фойдаси ҳам тегмайдиган кишилар тўғрисида: «Бир амаллаб кун кўриб юрган бечора-ку», – дейишарди. Бизларга ўхшаган ўзбилармон, маҳмадона болалар эса ҳалигидек чинакам, асл йигитлардек бўлишни ҳавас қилиб, Дониёрнинг юз-кўзи олдида бўлмаса ҳам, орқасидан мазах қилардик. Унинг кўйлагини ўзи ювганига ҳам кулар эдик: у армиядан битта кўйлак билан келганлиги учун ҳам уни қурир-қуримас кийиб оларди. Бироқ қизиғи шундаки, Дониёр мўминқобил бўлса ҳам, биз у билан бемалол, ботиниб гапириша олмасдик. Гап унинг катталигида эмас эди, албатта. Чунки у жуда нари борса, акаларим билан тенг келарди. Шунинг учун ҳам биз у билан сенсираб гаплашар эдик. Нима, ўзимизни пастга урармидик. Гарчи Дониёр улуғсифат бир одам бўлмаса-да, унинг шундай ҳеч ким билан гапиришмай, вазмин юришида қандайдир бир хосият бордек, шўх, шайтон болалар ундан ҳайиқиб туришарди.

      Бунга қисман ўзим ҳам сабабчи бўлдимми, дейман-да. Чунки мен одамлардан, айниқса, фронтга бориб келганлардан кўрган-билганларини ипиданигнасигача гапириб беришни илтимос қилиб, уларни ҳол-жонига қўймасдим, саволман деганни ёғдириб юборардим. Шунинг учун ҳам мен «Сеит хира» деган лақаб орттирганман.

      Дониёр келган дастлабки кунларда, мен ундан уруш тўғрисида кўп нарсаларни сўраб, билиб оламан, деб юрдим. Бир кун ишдан сўнг гулхан атрофида овқат ичиб дам олиб ўтирганимизда Дониёрдан сўраб қолдим:

      – Дониёр ака, урушда кўрган-кечирганларингдан бир гапириб бермайсанми?

      Дониёр ҳадеганда гапира қолмади. Чамамда, менинг бу гапим унга ёқмади шекилли.

      – Уруш дейсанми? – деди у ва худди ўзига жавоб бераётгандек паст овоз билан қўшиб қўйди: – Урушнинг номи ўчсин, уни билмаганларинг яхши!

      Дониёр нарида ётган хашакдан катта бир тутам олиб гулханга ташлади ва оловни тез-тез пуфлаб ёндирди-да, ҳеч кимга қарамай қўлларини ўтга тоблай бошлади. У алангаланиб ёнаётган оловга тикилганча узоқ жим қолди.

      Дониёрнинг нега бундай қилганини ким билсин, лекин унинг ўша икки оғиз гапидан ҳам урушни эртакдек эрмак қилиб гапириб бўлмаслиги, у одамнинг юрак-юрагига сингиб кетиши, у ҳақда гапириш ниҳоятда оғир эканлиги шундай сезилиб турарди. Уялганимдан