Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
улар бир-бирларини яхши кўриб топишган, дейишарди. Ҳарқалай, нима бўлса ҳам улар уч-тўрт ой бирга туришган, кейин Содиқ акамни армияга олиб кетишган эди. Билмадим, ёшлигидан отаси билан бирга даладаштларда йилқи ҳайдашиб, от чопишиб, эрка ўсганиданми ёки биттаю битта қиз бўлганлиги учунми, ишқилиб, Жамиланинг хатти-ҳаракатларида аллақандай жўшқинлик, эркакларга хос фазилат бор эди. Ҳар бир ишга астойдил киришар, бошқа келинлардек бошим, белим оғрияпти деб сира зорланмасди. Бироқ ўзи ҳам бировга ҳақини кетказмайдиган, айтишган билан айтишиб, сўкишган билан сўкишадиган ўжар аёллардан эди. Унинг овулдаги келинлар билан юмдалашган вақтлари ҳам бўлганди.

      Ён-атрофдаги одамлар:

      – Э, бу қандай шаддод келин ўзи! Тушганига ҳеч қанча вақт бўлмай, тилидан заҳар сочади-я! – деганларида, ойим:

      – Майли, шуниси яхши! Келинимиз очиқ-ёриқ, сира бўш келмайди… Ана шундай кўнглида кири йўқ одам яхши, индамай юрган писмиқлардан қўрқиш керак, ҳамма фисқ-фасод ўшалардан чиқади, – деб жавоб қайтарарди.

      Отам билан ҳалиги «ишчан» деган ойим бошқа қайнота, қайноналардек Жамилани туртмай, сўкмай, аксинча, ўз фарзандларидек эркалатишиб: «Худо ишқилиб ўзига инсоф берсин, тўғри юриб, тўғри турса бўлгани!» – дейишарди. Улар вояга етган тўрт ўғилларини армияга жўнатишиб, икки хонадондаги яккаю ягона келинини ранжитишадими? Бироқ мен ойимнинг баъзи ишларига ҳайрон қолардим. Бошқаларни қўйиб турайлик, ойим бировларнинг қўлига қарайдиган аёллардан эмас эди. Ҳар йили баҳор келиши билан одати бўйича отам тайёрлаган олти қанотли бўз ўтовни тикиб, арча тутатарди. Бизларни чизган чизиғидан чиқмайдиган қилиб тарбиялаб, ҳаргиз икки оиланинг бошини қовуштириб келарди. Ойимнинг айтгани айтган, дегани деган эди. Аммо Жамила орамизда ажралиб турарди. Тўғри, у кампирлардан бир оз тортинар, уларнинг ҳурматини жойига қўяр, бироқ овулдаги кўпчилик келинлардек индамай бошини қуйи солиб ўтирмас ёки тескари қараб пўнғилламас, кўнглида борини яшириб ўтирмай, шартта гапириб қўя қолар эди. Гаплари ўринли бўлса, ойим уни кўпинча маъқуллар, лекин ўшанда ҳам ўз гапини икки қилмасди. Назаримда, ойим, уни бирсўзлиги, тўғрилиги учун ўзига яқин тутар, келажакда уни икки хонадоннинг бошини қовуштириб, рўзғорнинг ризқ-баракасини ўзидек сақлай оладиган уддабурон ўринбосар қилиб қолдириш ниятида бўлса керак.

      – Худога шукур, тагли-жойли ерга тушдинг, болам. Бу ҳам бўлса сенинг бахтинг, буни сира ҳам ёдингдан чиқарма. Хотин деган Тангрининг берганига шукур қилиб, рўзғорида бирини икки қилиб юрса, шунинг ўзи катта давлат. Биз чол-кампир топган-тутганимизни ўзимиз билан бирга гўрга олиб кетармидик… Ўз қадр-қимматингни билсанг, сира кам бўлмайсан, доим мартабанг баланд бўлади, болам, – деб эслатиб турарди.

      Тўғри, чол-кампирларнинг чўчиганича бор эди: Жамила жуда шўх, ёш болага ўхшарди. Бир қарасангиз ўзидан ўзи кампирларга суйкалиб эркаланар, ё бўлмаса бирдан қаҳқаҳ уриб кулар, ёки кўчадан кириб келаётганида худди ёш қизчалардек ариқдан лорсиллаб сакраб ўтар, ёхуд ўзича хиргойи қилиб юрарди. Кампирлар