Соат ўнда операция бошланган бўлиши керак. Нигора 4-қават коридоридаги ҳамширага телефон қоқди. У ёқдан қандайдир бир эркакнинг овози эшитилди: «Ҳа, операция залига кириб кетяпмиз. Профессор шу ердалар…» Бу гапни эшитган Нигора юраги шиғиллаб кетди. Лекин отасини профессорнинг ўзи операция қилаётгани, қандайдир ёрдамчиси эмаслиги Нигорага далда берди. Ҳар қанча «талантли ассистент» бўлмасин, барибир профессорнинг ўзи қилгани яхши! Гарчи «кўричак» операциясини кўплар менсимайдилар, барибир операция операция-да! Нигора гўшакни қўйиб, илҳақ ўтирган онага буларнинг барини айтди.
Улар ташқарига чиқишди. Ҳамма ёқни оппоқ қор босган, навниҳолларнинг шохи эгилган, гулзорлар усти оппоқ, дарахтлар остида, йўлкаларда мусичаю чумчуқлар дон излаб юришибди. Салласи устида қордан яна бир салла яралган Ибн Сино бобо ҳам уларга хомуш қараб турибди.
Нигора бошқатдан ҳайкалнинг жамолига тикилди, ҳа, дарҳақиқат, улуғ мутафаккир хомушга ўхшарди. У яқинроқ борди, йўқ, хомушга ўхшамайди, аксинча кулиб турибди. Нигора онага сездирмай, ҳайкалга яна уч қадам яқин борди; у «хомуш» эмас, чеҳраси очиқ, бир нарсани чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилаётгандай. Нигора онасига яқинлашиб, беш-ўн қадам юришгач, яна ўнг томонга – ҳайкалга боқди. Ибн Сино яна унинг кўзига хомушдек кўринди.
Она-бола очиқ ҳавода у ёқдан бу ёққа юришди-да, кейин ичкарига кириб кетишди.
Операция тезда тугаганини билишди. Соат ўн иккиларда ҳамшира хотин кутиш залига чиқиб, ўртоқ Зулфиқоров оиласини чақираётганини маълум қилди. Она-бола оқ халат кийишиб, коридорларда тез-тез қадам ташлаб, зинапоялардан ҳаллослаб кўтарилиб, тўртинчи қаватга чиқишди. Операция залидан чиқиб, ювиниб, ўз кабинетида сигарета чекиб ўтирган профессор она-болага тасалли бериб, операция яхши ўтганини, Жамшид Зулфиқоровични ҳозир палатага олиб киришгани, иложи бўлса кечга яқин келиш кераклигини айтди. Бундай мурувват ҳаммага ҳам эмас, ҳукумат аъзоси Зулфиқоровга кўрсатилаётган эди. Маҳбубахон билан Нигора жарроҳга ўз миннатдорчиликларини қандай баён этишни билмай, «раҳмат, илоҳим, доимо соғ бўлинг», «бахтимизга доимо омон бўлинг», дейишди.
Наркоз беришга мажбур бўлишганини ҳам профессор таъкидлади. Ҳали у киши ўзига келмаган, кўзларини очмаган бўлса ҳам профессорнинг рухсати билан ҳамшира уларни Зулфиқоровнинг тепасига олиб кирди. Гўё пишиллаб ухлаб ётгандай эди. Она-бола кечроқ яна келишларини ҳамширага айтиб, жарроҳлик институтидан ташқарига чиқишди. Салқин,