Илон ўчи. Мирмухсин Мирсаидов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Мирмухсин Мирсаидов
Издательство: ZABARJAD MEDIA
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-7389-9-7
Скачать книгу
нарса… Норину хасипгача…

      – Кимга қуда бўлибди?

      – Э, унисини билмайман.

      – Ҳеч ким сени хафа қилмадими?

      – Мени-я! Мени хафа қилиш осонми, ойижон? Мен бошқаларни хафа қилишим мумкин. Аксинча, тўйда мени жуда ҳурмат қилишди, бу ҳурмат адамлар туфайли бўлса керак деб ўйладим. Лекин…

      – Нима «лекин»?

      – Бир йигитга ёқиб қолганга ўхшайман. Бу ҳам адамлар туфайли эмасмикан, деб қўрқяпман. Бундай бўлмаса керак, у мени танимайди-ку! – Нигора ўйланиб қолди. – Жуда бамаъни инсонга ўхшади. Босиқ… Мен билан гаплашолмай соқов бўлиб қолди. Ҳозирги замонда ҳам Мажнунлар бор экан-да. Тавба, дугоналаримдан бири ўша ердаёқ кимдандир билибди, у хирург экан. «Хирург» бизнинг ўзбекчада нима дейиларди?

      – Билмайман, қизим. Бунақа сўз ўзбекларда бўлмаса керак. «Ўтмишда биз гадо, хору зор бўлганмиз…» Бир шоир шунақа деганмиди… «Водопровод»ни «вадапровод», «трамвай»ни «трамбой», деймиз. Илгари «кўнка» дейилган экан…

      – Жарроҳ!

      – Биринчи эшитишим. Вой тавба, шунақа сўз ҳам борми?

      – Бо-о-р! Мир Алишер Навоий замонида, ундан илгари ҳам, кейин ҳам жарроҳ дейилган. Жарроҳлик бизда жуда қадимий, ойижон. Адамлар айтганлар. Бу илмнинг асли юрти – Шарқ. Врачлар – табиб, медицина – тиббиёт. «Ал-Қонун»ни билмайсизми? Улуғ ҳаким ва мутафаккир Абу Али ибн Сино ёзган… Сиз кўп нарсани билмайсиз, ойижон! Дадамларга қараб, овқат пишириб бериб, йилларни ўтказдингиз. Эҳтимол, шу ҳам керакдир.

      Камситувчи бу танбеҳлар эмас, шаддод қизнинг тўйдан қувнаб келгани, бижиллаб гапираётгани онанинг кайфиятини кўтарди. Шундай доно ва шаддод қизи борлигидан фахрланди. Қайси она ўз фарзандини ёмонлайди. Она-бола гаплашаётганини эшитиб, нариги хонадан сингилчаси Севара ҳам чиқди. Акаси юқорида, ўз хонасида ухлаб қолганини билди.

      – Ника, кимни гапиряпсан?

      – Ҳой! Сен аралашма! – деди она кичик қизига ёлғондакам дағдаға қилиб.

      – Бир йигит! – деди Нигора Севарадан уялмай, ўрталарида сир йўқдай. – Ўша йигитнинг оти Ҳабиб экан, қадду қомати келишган, қиличдек, худди мен ўйлагандек. Энг муҳими шуки, ёнига борганимда гапиролмай, довдираб қолди. Шу замонда-я! Ҳақиқий Мажнун…

      – Тағин ростакам соқов бўлса-чи? – деди Севара.

      – Йўқ, соқов эмас! Ҳаяжонланганидан шундай бўлиб қолди. Эртага бирон киши телефон қилса, дарров мени чақир! Гўшакни қўйиб қўйма, ўртоқларинг билан қисқа гаплаш! Икки дақиқа! Айтганимни қилмасанг, ўлдираман!

      – Вой-бў-ў, бугун кайфинг чоғ-ку! – деди Севара. – Тезроқ эрга тегиб кетсанг яхши бўларди.

      – Ҳа, сенга оғирлигим тушяптими, нодон! Тегаман! Лекин бу уйдан кетмайман! Дадамларнинг пулларини бир ўзим оламан, ойимларнинг паловларини битта ўзим ейман, деяпсан-а! Овора бўласан!

      – Ортиқча гапирма! – деди Севара тантиқланиб. – Менга ўша йигит ҳақида гапир. Бўлажак куёв ҳақида. Баланд бўйлими? Қошлари қора, қиррабурун, дедингми? Мўйлаби борми?

      – Йўқ, мўйлаби қурсин. Мўйлаби йўқ! Мўйлаблиларни жинимдан ёмон кўраман!