Жаллод аёл. Наби Джалолиддин. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Наби Джалолиддин
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-20-885-8
Скачать книгу
ким ҳам унга бардош бера олади?! Совуққонлигимдан гоҳо ўзим ҳам қўрқиб кетардим, бошқаларнинг аҳволини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.

      Сабоқлар қатъий интизомда ва тартибли олиб бориларди – шуниси менинг жону дилим эди. Барча фанларни, ҳеч бир қийинчиликсиз, гўё ош-нон егандай ўзлаштирардим. Ҳарбий эмасмизми, менга шу қўл келарди: барчаси бошқарув асосида – буйруқ берилди, бажардинг, тегишли саволга жавоб қайтардинг, тамом. Шу муҳим эмасми, ахир! Муаллимларимизнинг кўпчилиги уруш қатнашчилари. Уларнинг ҳаракатларида ҳаётга ташналик сезилса-да, аёллар ва умуман турмуш маъносида, ортиқча гап-сўз қилишмайди, жиддий ва самимий муносабатда бўлишади. Ишонинг, у пайтларда одоб-ахлоқ деганлари доим амалда эди ва бу одамларнинг оддийгина ҳаёт тарзига айланганди.

      Катя билан эл қатори яшаб юрдик. Лекин бир куни қўққисдан хонага кириб келди-да, шартта елкаларимдан тутиб, бирпас кўзларимга қаттиқ тикилди. Сўнг стулга ўтқазиб, ўзи ҳам рўпарамга чўкди. Анчагача овоз чиқармади. Мен-ку ҳамиша гум-гурсман, дилдошу сирдошларим – акам билан Настя ёнимда бўлмагач, кимга ҳам ёрилай?! Индамаслигим қулай туюлар ва бундан қалбим ҳаловат топарди.

      – Менга қара, Жела, – деди ниҳоят Катя мулойим овозда. Унинг кўзлари намли эди. – Ота-онасиз қолган биргина сенми? Ахир ҳозир Совет Иттифоқидаги болаларнинг ярмидан кўпи етим-ку?! Нега бунақасан?!

      – Қанақа? – сўрадим ундан-да, озорсиз боқиб. Айни дамда уни қучоқлаб, бағримга босгим, йиғлаб, дардимни тўкиб солгим келарди. Афсуски, унда ожизлашиб, қатъиятимга путур етади, барча қатори одамга айланаман.

      Товушимдаги босиқлик аксил таъсир қилди шекилли, у энди бўғриқди:

      – Бу нима деганинг?!

      Мени тушунолмаслигини сезсам-да, негадир очиғини айтдим:

      – Катя, биз хизматдошмиз, ўртоқмиз! Хафа бўлмагин-у… Масалан, сен одам ўлдира оласанми?!..

      У сапчиб кетди.

      – Нима?!.. – Туси дув оқарди. Ахир бу жиноятчилар, бандитлар билан қаттиқ кураш кетаётган ва «партия»нинг янги даври бошланаётган пайт эди-да. Катя бошқача – бахтли ҳаётга яқинлашаётган ва уни қўлдан чиқаришни истамаётган инсон алпозида ўзини йўқотди шекилли.

      Менинг хотиржамлигим янада ортди:

      – Нега ҳайрон бўласан?!.. Одам ўлдириш қўлингдан келадими-йўқми?!

      – Мен фашист эмасман! – дея у шу қадар жиддийлашиб, тумтайдики, бу ростликмиди, ўзимни қандай тутишни билолмай қолдим. Эсанкирамадим, йўқ, фақат шундайин беғубор қизнинг кўнглига озор бериб қўйишдан, уни гардлашдан қўрқдим, шекилли. Ахир у мени ҳеч қачон тушунмаган-ку ва бундан буёғига ҳам тушунолмаса керак.

      – Мен ҳам, – дедим-у, бирдан Настянинг латта қўғирчоғи кўз олдимга келди. – Қўғирчоғинг борми?

      – Нима? – деб юборди ҳамон аразидан айрилолмаётган Катя ҳайратдан кўзлари олайиб. Шунинг ортидан «мабодо жинни-пиннимасмисан» дегандай бақрайди.

      – Тошкентда ўртоғим бор эди, – дедим «Кел, бирпас ўтирайлик» маъносида, – ўзи Россия томонлардан. Бизга эвакуация қилинганди.