Гулчеҳра!
Мен шунинг учун хурсанд бўламанки, сиз Абдулланинг шароит тазйиқига бардош беролмай, аблаҳга айланганлигини ўз кўзларингиз билан кўрмадингиз. Сиз хабар эшитдингиз, холос. Йўқ, бу бола ҳеч қачон одам сўймайди, ўғирлик қилмайди, ота-онасини хўрламайди. Лекин у каттазанг бўлиш йўлида энди ҳеч нарсадан тоймайди. Академикка куёв бўлиш унга тириклай жаннатга кириш билан баробар бўлиб қолди. Бу унинг дилидаги севгига тупроқ тортди. У номардлик йўлига ўтди. Дарди дунёси ўзгарди. Бурч ва садоқатни унутди. Сиздек бахтиёр бир феълга эга бўлган хушқилиқ қиз бундай одам билан умрбод яшаш «бахтига» ноил бўлмаганингизга суюнаман. Агар шундай бўлганда сиз – Раҳим Саидову, Абдулла – Мунис ўрнида бўлармиди балки.
Сиз номардликка қарши бирдан бир жавоб – ўлим деб билдингиз. Лекин оламда номардлар шундай ғалаба қозонаверсалар, биз покиза виждон амрига тобе сизнингдек элга қайишадиган одамлардан айрилиб қола берсак ҳаёт қонуниятига зид ишлаган бўлар эдик. Ўзни ўлдирмоқ – бу исёндир. Лекин фақат инсоннинг ўзига қаратилган исён. Биринчи қаттиқ зарба сизни эсанкиратиб қўйди. Сиз илк бор, кутилмаганда хиёнатнинг даҳшатига дуч келдингиз. Дунёдаги бўронларнинг энг ғаламиси сизни ағдарди. Сиз тушган ҳолатни яхши англайман. Сизда ғурур ҳақоратдан устун келди. Лекин мен сизнинг йўлингиз тўғри деб айтолмайман. Сиз чорасиз қолдингиз. Муҳаббат бир зумда барбод бўлди. Аммо сиз бечора эмас эдингиз. Ижодкор сифатида ўн гулингиздан бир гулингиз эндигина очилиб келаётганди. Сиз фақат бу оламда бирламчи ва иккиламчи нарсалар борлигини ажратолмай қолдингиз, тажрибангиз етмади. Ваҳоланки, абдуллалар сиз каби истеъдодлар, дардли одамлар олдида ўткинчи