Ортда қолган йўл. Санобар Нишонова. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Санобар Нишонова
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-489-2
Скачать книгу
ҳаётига жуда ўхшаб кетади. Иккинчи жаҳон уруши ғалаба билан якунланди, бироқ бу жуда катта йўқотишлар эвазига бўлди. Мудҳиш урушнинг аламли жароҳатлари қалбларимизда қолиб кетди. “Ортда қолган йўл” ва “Мурғак қалб жароҳатлари” қиссалари ана шулар ҳақида ҳикоя қилади. Қисса қаҳрамонлари Саодат ва Шаҳодатлар босиб ўтган йўл уруш йилларида барча болалар бошидан ўтказган оғир кечмишлардир. Қаҳрамонларнинг ана шу ҳаётий йўли муаллиф томонидан ўзига хос услубда жонли ва қизиқарли тасвирлаб берилган. Бу бизнинг тарихимиз ва уни ҳозирги ёшлар билишлари керак. Мен муаллифни табриклаган ҳолда ёшларга шундай дегим келади: “Эй, набираларим, қизларим! Сизлар Саодат ва Шаҳодатлар босиб ўтган йўлдан воқиф бўлар экансиз, бугунги бахтли ҳаётимизга, беташвиш болалигингизга шукроналар айтасиз. Ҳаётни қадрлайсиз, яшашга, яратишга бўлган интилишингиз ортади. Боболарингиз ва бувиларингиз босиб ўтган йўл қанчалик машаққатли бўлганлигини чуқур англаб етасиз. Бу китобни ўқинг ва ўтмишимизни унутманг”.

Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

      ҚИССАЛАР

      ОРТДА ҚОЛГАН ЙЎЛ

      Отам Қаршибой ва онам Холбиби хотираларига бағишлайман.

      Биринчи қисм

      Муқаддима

      Жажжи Саодат юзига беҳисоб тиканлар қадалгандай бўлди-ю, чинқириб уйғониб кетди. У муштчалари билан кўзларини ишқалаб уйқусини ҳайдаркан, ўзини бир бегона киши эркалаётганини кўрди. Лекин у киши гўдакнинг ширин уйқусида чўчитгани билан иши йўқ, осмонга ирғитар, оғзидан келаётган бадбўй ҳид қизчанинг нафасини бўғар эди. Саодат бир зум ҳайрат билан унга қараб турди-да, ваҳима билан йиғини қайтадан бошламоқчи эди, у кишининг ўзи ўкириб йиғлай бошлади:

      – Гулсарагинам, болагинам, мени ташлаб қаерларга кетдинг?! Дод ўлимнинг дастидан!

      Энди у ўзини каравотга отди. Жазаваси тутиб, бошига муштлай бошлади.

      Нарироқда ўттиз беш-қирқ ёшлардаги бир аёл қўрқувдан дағ-дағ титраётган қизалоғини бағрига босиб, пастки лабини тишлаганича бу нотаниш “ўйин”га ҳайрон бўлиб қараб қолган эди. Бўлаётган барча ҳаракатларга кўникиб қолганиданми, йигирма ёшлардаги бир жувон уни тинчлантирмоқчи бўлар, эркак эса тўғри келган томонга ўзини ташлаб, беўхшов ҳаракатлар қилар эди.

      Осмон узоқ, ер қаттиқ

      Соҳиб ака билан Холида опанинг учта попукдек қизи бор эди. Тўнғичи Моҳирадан кейин туғилган икки ўғлини ажал юлиб кетди. Улардан кейин туғилган Шоҳида омон қолди. Кейин яна бир ўғил кўришди. У ҳам қизамиқнинг қурбони бўлди. Кейинги туғилган қизини саодатли бўлсин, кетидан туғилган ўғил ўлмай қолсин деб, отини Саодат қўйишди. Соҳиб ака уч қизини жонидан ҳам азиз кўрар, “ўғлим йўқ”, деб Холида опани ўкситмас эди. Ҳатто уйда рўзғор ишлари билан ўралашиб сиқилмасин, ўқиб бирор ишга овунсин деб, уни ўша вақтларда янги очилган саводсизликни тугатиш курсига киритиб ҳам қўйди. Холида опа янги келган боласи тенги ёш муаллимнинг олдида ўзини ноқулай сезиб, қоғозга ёзаман деб уни тешиб қўйди ва шу чиққанича мактабга қайтиб бормади.

      – Қизларим ўқисин, дадаси, энди мен ўқиб шаҳар сўрармидим, – дерди эрининг қистовига эътироз билдириб.

      – Қизларинг ўқиса ўз йўлига, замони шундай келди. Сен ўқисанг ҳам ўз йўлингга, кўзинг очилиб оқ-қорани танийсан-ку ҳеч бўлмаса, – дерди куюниб.

      Соҳиб ака қанча уринмасин Холида опани мактабга чиқара олмади. Хотинидан ҳафсаласи совиганидан кичик қизи Саодатни тиззасига ўтқазиб оларди-да:

      – Ўқимасанг ўқима. Бир кун келиб пушаймон бўларсан. Аммо-лекин шу қизимни бир ўқитай. Ўқиб муаллима бўлса, кўриб балли дерсан.

      Соҳиб аканинг уйи мактабга яқин бўлганиданми ёки узоқ қариндошлигиданми янги келган муаллим уларникига тез-тез чиқиб турарди. Айрим пайтлар туман халқ судида ишлаётган акасини ҳам бошлаб чиқиб, Соҳиб ака билан анчагача гаплашиб ўтирар эди. Холида опа эса йигитларнинг кири-қуши, озиқовқатидан хабардор бўлиб турарди.

      Ака-укалар феъл-атвори тамоман бир-бирига ўхшамас: укаси Турсунбой камгап, бамаъни, босиқ, хушфеъл йигит бўлса, акаси Турғунбой унинг акси: сергап, енгилтак, ишдан кейин қишлоқ дўконида ичиб олиб, тўполон чиқариб юрар эди. Соҳиб акаларникига келганида ҳам энди бўй чўзиб, оқи оққа, қизили қизилга ажралиб, товусдай товланган Моҳиранинг изидан беҳаё кўзларини узмасди. Соҳиб акага бу нигоҳлар тиғдай туюларди. Бу бемаъни йигитни жини суймаса ҳам муаллим Турсунбой ҳурмати гаплашишга мажбур эди. Ҳаёт шу зайлда бир меъёрда оқаётганда шумхабар тарқалди. Гитлер деган босқинчи уруш бошлапти! Қўшни халқларни оёқости қилаётган эмиш. Дастлабки сафарбарликда Турсунбойга ҳам чақириқ қоғози келди. Уни саккиз йигит билан биргаликда бутун қишлоқ аҳли кузатгани чиқди. Кўзга яқин бўлиб қолган Моҳирани уйда қолдириб, Соҳиб акалар станцияга йигитларни кузатгани кетишди. Кузатувчилар орасида негадир Турғунбой йўқ эди.

      Моҳира қўлигул чевар қиз. Бир ўзи ҳовлида кезиб зерикди, юмушларини бажариб бўлиб уйга кирди ва ўртоқлари ташлаб кетган чок-чукларни машинада тикишга тутинди. Кеч бўлиб, қоронғи туша бошлаган эди. Чокка тикилавериб чарчаган кўзларини қўллари билан ишқалади-да, “Бунча кечга қолишмаса”, деб деразага