Ибтидо. Дэн Браун. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Дэн Браун
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-179-5
Скачать книгу
аслида Эдмондга хос бўлмаган бағрикенглик, ишонч ва холислик сифатларини кўрсатиб берарди. Монсерратдаги учрашув, Лэнгдоннинг фикрича, бўлғуси пиар юриш вазифасини ўтаганди.

      “Ақлли юриш”, тан берди у.

      – Тарихан, – давом этди Эдмонд, – диний ақидалар ҳамиша илмий тараққиётни бўғиб келган. Шунинг учун мен раҳнамолардан айтмоқчи бўлган гапимга босиқлик билан қарашини сўрайман. Илтимос, қонли зўравонликлар қайтарилишига йўл қўймайлик. Ўтмишдаги хатоларни такрорламайлик.

      Шифтда саҳро бўйлаб оқаётган дарё соҳилидаги девор билан ўралган қадимий шаҳар тасвири кўринди.

      Лэнгдон дарҳол архитектураси ноодатий қадимий Бағдод шаҳрини таниди.

      – Саккизинчи асрда, – деди Кирш, – Бағдод шаҳри илм‐фан ўчоғи сифатида оламга кўрк очди. Унинг университет ва кутубхоналари эшиги барча динлар, фалсафа мактаблари ҳамда олимлар учун ланг очилди. Беш юз йил мобайнида шаҳар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган илмий янгиликлар, кашфиётларни дунёга ёйди. Бағдод дорилфунунларининг таъсири ҳамон сақланиб қолган.

      Экранда яна юлдузлар кўринди. Бу сафар уларнинг ёнида Вега, Бетелгейзе, Ригел, Алжабр, Денеб, Ақраб, Киталфа исмлари битилган эди.

      – Бу исмларнинг ҳаммаси арабчадан олинган, ҳозир осмондаги юлдузларнинг учдан икки қисми араб тилида аталади, сабаби, улар араб астрономлари томонидан кашф қилинган.

      Само тоқи арабча номланган юлдузлар билан шу қадар тўлиб кетдики, ҳаммаси бирлашиб осмонни портлатиб юборадигандек эди.

      – Албатта, агар юлдузларни санашни истасак…

      Юлдузлар ёнидаги арабча исмлар ўрнини рим рақамлари эгаллади:

      I, II, III, IV, V…

      – Биз римча эмас, балки арабча рақамлардан фойдаланамиз, – Кирш сўзида давом этаркан, экрандаги рим сонлари ғойиб бўлиб, арабча рақамлар пайдо бўлди. 1, 2, 3, 4, 5…

      – Юқоридаги исломий кашфиётлар барчага бирдек таниш эканига шубҳам йўқ. Яна биз ҳанузгача арабча номларни кенг қўллашимизни ҳам таъкидлаш жоиз.

      Экран юзини тенгламалар қуршовидаги АЛГEБРА жумласи кесиб ўтди. Сўнг АЛГОРИТМ сўзи кўплаб формулаларни эргаштириб пайдо бўлди. Кейин Ер горизонтларини ифодаловчи диаграмма билан АЗИМУТ атамаси кўринди. Худди шу тарзда НОДИР, ЗEНИТ, АЛКИМЁ, КИМЁ, КОД, ЭЛИКСИР, АЛКОГОЛЬ, НОЛЬ, ИШҚОР сингари атамалар намоён бўла бошлади.

      Бош узра оқиб ўтаётган арабча жумлалар Лэнгдонга жуда яхши таниш эди. Бахтга қарши, ТВ ва нашрлардаги янгиликлар туфайли кўплаб америкаликлар Бағдодни оддийгина, чанг босган, қолоқ, уруш қирон солган шаҳар сифатида тасаввур қилиб, бир вақтлар у инсоният илм‐фан ва маданияти маркази бўлганидан бехабарлигича ўтади.

      – Ўн биринчи аср охиригача, – давом этди Эдмонд, – ер юзидаги энг буюк илмий тадқиқотлар ҳамда кашфиётлар Бағдодда қилинаётганди. Кейин бир кечада ҳаммаси бирдан ўзгарди. Ҳамид ал‐Ғаззолий исмли ажойиб олим – ҳозир уни тарихдаги энг донгдор мусулмон деб ҳисоблашади – Афлотун ва Арастунинг мантиқ илмини муҳокама қилиб, математикани “Иблис фалсафаси” дея