Ибтидо. Дэн Браун. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Дэн Браун
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-179-5
Скачать книгу
– Эдмонд бир зум тўхтади. – Аммо…

      Шифтдаги расмлар бирлашиб, кўзларини катта‐катта очганча диққат билан микроскопга тикилиб турган талаба қизнинг суратини ҳосил қилди.

      – Илм‐фан – диннинг бутунлай тескариси, – давом этди Кирш. – Фан ҳалигача номаълум ёки аниқланмаган ҳодисаларга моддий исбот топишга ҳаракат қилади. Фан хурофотларни ва тўқималарни рад этиб, далилларга таянади. Одамлар илм‐фан топган жавобларни деб ҳеч қачон бир‐бирига қарши бош кўтармайди. Саволларга илм‐фан таклиф қилган ечим ҳамиша универсал бўлиб, инсониятни гуруҳларга бўлиб ташламайди, балки атрофида бирлаштиради.

      Экранда NASA, CERN ва бошқа илмий лабораториялар акс этди – турли миллат ва ирқ вакилларидан иборат олимлар жамоаси ҳозиргина топилган янги маълумотларни нишонлаб, хурсандчилик билан бир‐бирини қучоқларди.

      – Дўстларим, – деди пичирлаб Эдмонд. – Ҳаётим давомида кўплаб башоратлар қилганман. Бу оқшом яна бир башоратни сизлар билан бўлишмоқчиман.

      Эдмонд чуқур нафас олиб, қатъийлик билан деди:

      – Динларнинг умри ниҳоясига етмоқда. Бундан бу ёғига илм‐фан асри оламга нур сочиб, зиё таратади.

      Залга юракни сиқувчи сукунат чўкди.

      – Бугун инсоният, – тантанали эълон қилди у, – илм‐фан томонга квант сакрашни амалга оширади.

      Бу сўзларни эшитиб, Лэнгдондан совуқ тер чиқиб кетди. Қанақа сирли кашфиёт қилган бўлмасин, бир нарса аниқ эди: Эдмонд ҳозиргина дунё динларига қарши уруш эълон қилганди.

      Ўн саккизинчи боб

      ConspiracyNet.cоm

       ЭДМОНД КИРШ: СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

КEЛАЖАК ДИНЛАРСИЗ БЎЛАДИМИ?

      Уч миллионга яқинлашиб қолган одамлар томоша қилаётган жонли эфирда футуролог Эдмонд Кирш борлиқнинг икки фундаментал жумбоғига ечим бўлувчи илмий кашфиётини эълон қилиш арафасида.

      Ҳарвард университети профессори Роберт Лэнгдон иштирокидаги видеодан сўнг Эдмонд Кирш диний эътиқодларни танқид остига олиб нутқ сўзларкан, галдаги башоратини тақдим этди: “Динлар даври ниҳоясига етмоқда.”

      Ҳозирча, таниқли атеист ўзини одатдагидан кўра босиқ тутиб, кескин мулоҳазалар билдирмаяпти. Жаноб Киршнинг динга қарши бошқа фикрларини билиш учун қуйидаги линкни босинг.

      Ўн тўққизинчи боб

      Адмирал Авила гумбазли театрдаги матоли деворни тутиб турган ҳавозалар олдидан жой топди. Агар бироз эгилиб турса, биров унинг соясини ҳам пайқамасди. У аудиториядаги минбарга яқин девордан бир неча сантиметр узоқда эди, холос.

      Авила овоз чиқармай чўнтагига қўл солиб, тасбеҳ доналарини чиқарди.

      “Фурсатни бой бермаслик ҳаммасини ҳал қилади.”

      Тасбеҳ доналарини пайпаслаб, у оғир металл хочни топди ва металл детектори ёнидаги соқчилар ҳеч шубҳаланмай, бу буюмни ичкарига ўтказишганидан ажабланди.

      Адмирал Авила хоч ичига яширилган устара тиғидан фойдаланиб, мато‐деворни бир неча сантиметр қирқиб тешик очди ва эҳтиёткорлик билан бошқа дунёга – ёстиққа