Ёлғонлар шаҳри. Рамита Наваи. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Рамита Наваи
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-164-1
Скачать книгу
ҳиссини уйғотди. Бир гуруҳ ўсмир ва ўспиринлар стулларга чўкиб, бир-бирининг елкасига бошини қўйиб, оёқларини узатиб ўтирган эди. Кўзойнаклари бошига қўндирилган. Улар қиқирлашиб, бир-бирига кўзини сузар, кечаги тун қандай ўтгани ҳақида пичирлашар эди. Пардози оққан, кичиккина рўмолчага қистирилган сочлари терлаган пешонасига тушиб турган ҳолатда ҳам қизлар ниҳоятда гўзал эди. Пластик жарроҳлик орқали кичрайтирилган бурни нотабиий кўринса-да, улар барибир гўзал эди. Улар қалин лабларини чўччайтириб, тушунарсиз сўзларни айтишар, кулганида бошларини орқага ташлаб, сийналарини олдинга чиқарар, қуёшда тобланган нозик қўлларини кўз-кўз қиларди. Уларнинг кулгиси хонани тўлдирди, кўз қорачиқлари “экстаза”дан кенгайиб кетганди. Аёлларга қоматини яшириш учун ислом томонидан буюрилган ёпинчиқ – мантиянинг остидан кўриниб турган оқшом либосига ўрнашиб қолган ароқ ҳиди ҳамма ёққа тарқаб кетди. Улар катта идишда бош оғриғини қолдирувчи севимли егуликлари – мия шўрва ичишди. Бу ҳали танадан чиқиб кетмаган гиёҳванд модда ва алкоголь қолдиқларини эритиб юборади.

      Дариуш қизларга шу қадар тикилиб ўтирганидан шериги ресторанга кириб келганини сезмай ҳам қолди.

      – Салом, биродар. Уйингга хуш келибсан.

      Атрофдагиларга анқайиб қараб ўтирганидан Дариушни одамлар орасидан таниб олиш осон кечди. Аввалдан келишилганидек, бир даста калит ва қизил “Marlboro” тамаки қутисини столга қўйиб ўтиришига ҳожат қолмади.

      Дариуш хижолат тортди. У ҳушёр ўтириши керак эди.

      – Хавотир олма. Ватани таназзулга учраётган бир вақтда бу болалар ўзини ҳайвондек тутаётгани ҳаммани ҳайратда қолдиради. Демак, сен барчамизни асраш учун келдинг, шундайми? – У мийиғида кулди ва овозини пасайтириб деди: – Миссиянгдан хабарим бор. Жаҳонгир менга қисқача тушунтирди. Мени Киан деб чақирасан. Нима қилиш кераклигини биласан.

      Икковлон жимгина овқатланди. Ҳисоб келишини кутиб ўтирмай Киан столга бир даста пул ташлади-да ресторандан чиқиб кетди. Дариуш унга эргашди ва улар Вали Аср бўйлаб шимолга, Тажриш майдонига олиб чиқадиган муюлишга қараб борди. Фирдавс боғидаги эски сарой боғлари ёнидан ўтаётганда уларнинг тўпиғини майин шабада силаб ўтди. Вали Асрда баҳор нафаси сезила бошлаганди: дарахтлар куртак чиқарган, янги барглар ёпишқоқ шира ҳиди билан қоплаган, жанубдан келтирилган хом бодомлар, энди сарғая бошлаган олхўрилар, ўрик ва анжирлар уюми, боғлам-боғлам тархун ва ялпизлар дўкон расталарида пайдо бўла бошлаганди.

      Улар чапга бурилиб, эски Шемиран маҳалласи кўчаларига, у ердан қовурилаётган пиёз ҳиди анқиб турган кулранг кўпқаватли турар жой биносига кирди. Олтинчи қават. Айвондан юзлаб баланд бинолар тоғ соясида қурилган ўйинчоқ уйга ўхшаб кўринарди. Чўққилардаги қорнинг эса ҳали ҳам эриш нияти йўқ эди.

      – Хонадон тоза. Қурт-қумурсқалар йўқ. Кеча ўзим текширдим.

      Хонани чанг босган эди. Киан эски чарм диван устидаги елим чойшабни олди. Камзули чўнтагидан қуёшда ранги