Рамита Наваининг ҳикоялари инсоний ҳикоялар, уларда инсоннинг тақдири, фожеаси ва ютуқлари акс этган. Шу жиҳатдан унинг қаҳрамонлари бизга ҳам бегона эмас.
Ушбу китобни барча теҳронликларга, хусусан, теҳронлик турмуш ўртоғим, ҳаётим мазмуни Габриелга, ва энг муҳими, мени доим руҳлантириб турган онам Лая ҳамда Теҳроннинг ажойиб ва фозил инсони бўлмиш отам Курушга бағишлайман.
Фитна соладиган ҳақиқатдан хотиржамлик берадиган ёлғон афзал.
СЎЗБОШИ
Келинг очиғини айтай, Теҳронда яшаш учун ёлғон гапириш керак. Бу ерда ахлоқнинг ўрни эмас, Теҳронда ёлғон сўзлаш ҳаёт ва мамот масаласидир. Ажабланарлиси шундаки, мунофиқликка бўлган эҳтиёж борасида ҳамма баробар – ёлғонлар дунёсида одамларни динига кўра ажратиш ва қатламларга тафриқа қилиш йўқ. Энг тақводор ва художўй теҳронликларнинг айримлари ёлғон санъатини камолотга етказган. Биз теҳронликлар ҳақиқатга ишлов беришга зап устамиз. Болалар ёшлигидан отаси уйда спиртли ичимлик сақлашини тан олмасликка, ўсмирлар бокира эканини таъкидлаб қасам ичишга, дўкондорлар мижозларига рамазон ойида овқат ейиши, сув ичиши ва чекиб олиши учун уйининг орқа тарафидан жой ажратиб беришга, Ашуро кунида1 диний маросимнинг бир қисми сифатида ёш йигитлар ўзини калтаклашга, буларнинг бари аслида ёқимтой қизлар олдида довюраклигини кўз-кўз қилиш учун бўлса-да, лекин улар фақат Аллоҳ учун тўплангани, ҳар бир зарб Имом Ҳусайн учун, дея ёлғон даъво қилишга ўрганган. Ёлғонларни хаспўшлаш учун яна янги ёлғонлар тўқилади ва жамият ёлғонга тўлиб кетади.
Ҳақиқат эса махфий, ноёб ва хавфли матоҳга айланади, жуда қадрланади ва унга эҳтиёткорлик билан ишлов берилади. Теҳронда кимдир сизга ҳақиқатни гапирса, билингки, у сизга ё дилдан ишонади ё тамомила таваккал қилмоқда. Эрон жамиятида тирик қолиш учун ёлғон гапириш узоқ ўтмишга, ислом босқинининг илк чоғларига бориб тақалади. Ўша даврда шиалар турли таъқиблардан ҳимояланиш учун эътиқоди ҳақида ёлғон гапирган ва бу “тақия” деб аталган. Қуръон ҳам ўрни келганда каттароқ яхшилик учун ёлғонга рухсат беради. Бу ёлғонлар оқими катта шаҳарлардан сизиб чиқиб, шаҳарча ва қишлоқларга етиб борган бўлса ҳам, Теҳрон унинг булоғи бўлиб қолади.
Энг қизиғи шуки, эронликлар ўзларини ўзлари алдамасликка астойдил интилади. Бу маданиятимизнинг бир қисмидир. Форс шоири Ҳофиз ҳаётдан маъно топиш учун ҳақиқат излашга чақирган эди:
Ҳақиқатга ошнолигинг
Сени сира тарк этмас.
Бу мушкул йўлдаги қувончу азобинг
Саҳна пардаси каби ёпинчиғингни кўтаради
Ҳамда сен чин “ўз”ингни топасан.
Эрон сериалларида қаҳрамонлар мудом ўзини излайди. Бу йўлда улар диний мажбуриятлар юки ва самимий инсоний истаклар ўртасида саргардон кезади. Шу боис аксарият теҳронликлар давомли зиддият ичида яшайди: тирик қолиш учун ёлғон гапиришга мажбур қиладиган шароитда қандай қилиб ўзлигингизга содиқ қолишингиз мумкин?
Энди охирги бир нарсани аниқлаштирай: биз эронликлар онадан ёлғончи бўлиб туғилмаймиз. Ёлғон гапириш инсонларнинг ўта интим муносабатларига қадар аралашишга ўзини ҳақли ҳисобловчи ҳукуматнинг зулмкор тартиботи оқибатидир.
Теҳронда яшаб (ва алдаб), мен жуда кўп теҳронликларнинг ҳикояларини тингладим ва уларнинг баъзиларини сиз билан баҳам кўрмоқчиман. Уларнинг ҳаммаси ҳам оддий теҳронлик эмас. Баъзилари форс жамиятидан четлашиб қолган. Аммо умид қиламанки, китобдаги энг ғайриодатий ҳикоялар ҳам Теҳрондан ташқарида яшайдиган одамга 12 миллиондан ортиқ аҳолиси бор бу шаҳардаги ҳаётни тушунишга ёрдам беради. Тажрибамга таяниб айтаманки, теҳронликларнинг хос сифатлари – уларнинг меҳрибонликлари. Ҳаёт нечоғлик оғирлашса ҳам, амалдорлар нақадар шафқатсиз бўлса ҳам, оддий аҳолида бетакрор илиқлик бор. Мен бу илиқликни режимнинг ашаддий тарафдорларида ҳам, ўзгача фикрловчиларда ҳам, умуман, ҳамма-ҳаммада сезганман.
Мен одамларнинг хавфсизлиги учун барча исмлар, жой номлари ва вақтни ўзгартирдим, аммо воқеалар ҳақиқатан содир бўлган ва ҳамон содир бўлмоқда. Буларнинг бари ёлғонлар шаҳри ҳаётининг асл ҳикояларидир.
ПРОЛОГ
Теҳрон осмони нур билан тўйинади. Шаҳар узра оловранг туман тушиб, қуёш нурини синдиради. Қалин ва ўйноқи заррачалар ҳар бир бурчакка етиб бориб, одамнинг бурнини куйдириб, кўзини қамаштиради. Кўчалар қора тутун бурқситиб чиқараётган машиналарга тўла. Тутун машинадан чиққач ҳавога енгилгина кўтарилади-ю, муаллақ қолади. Туманлар ҳатто шимолдаги қўнғирранг Элбурс тоғларини ҳам қоплайди. Бу ерда кўп қаватли бинолар худди жамоа бўлиб сажда қилаётганлар олдида турган имом каби пастга қарайди. Унинг тагидаги водий эса одамлар