Аукциончи жим бўлиб қолганди.
– Ўттиз икки доллар – бир! Ким ўттиз уч беради? Ўттиз икки доллар – икки! Кимдир ўттиз уч доллар берадими? Ўттиз икки доллар – уч! Етти яшик ажойиб совун! Ким кўпроқ беради? Бир, икки, уч! Ким кўпроқ беради? – унинг қўли яна ҳавога кўтарилди. – Совун жаноб… – аукциончи ёш харидорнинг юзига қизиқиш билан тикилиб, пештахта устидан унга қараб энгашди.
– Учинчи Миллий банк кассирининг ўғли Фрэнк Каупервудга сотилди! – деди болакай қатъий товуш билан.
– Сотилди! – боланинг ишонч тўла кўзларига қараб такрорлади аукциончи.
– Мен пул учун банкка бориб келгунимча кутиб тура оласизми?
– Яхши, фақат узоқ эмас: агар бир соатда қайтиб келмасангиз, уни қайта сотиб юбораман.
Фрэнк ортиқ жавоб бериб ўтирмади. У ташқарига югуриб чиқиб, аввал дўкони Каупервудларнинг уйидан бир квартал нарида бўлган баққолнинг олдига чопди. Охирги ўттиз қадамча масофани у секинроқ босиб ўтиб, юзига бепарво тус берди ва дўконга кириб, кўз қири билан ҳалиги совун турини қидира бошлади. Ана у – уникидек совун худди ўшандек яшикда одатдаги жойида турибди.
– Жаноб Дэлримпл, мана бу совунингиз қанчадан? – қизиқди Фрэнк.
– Ўн олти цент, – гердайиб жавоб берди дўкон эгаси.
– Агар сизга худди шундай совуннинг етти яшигини олтмиш икки долларга таклиф қилсам, оласизми?
– Худди шундайми?
– Ҳа, сэр.
Жаноб Дэлримпл хаёлида ҳисоблай бошлади.
– Ҳа, олардим, – эҳтиётлик билан деди у.
– Пулини бугуноқ тўлайсизми?
– Мен вексель бераман. Молингиз қани?
Жаноб Дэлримпл қўшнисининг ўғли бўлган бу болакайнинг таклифидан ҳайратга тушганди. У жаноб Каупервудни ҳам, Фрэнкни ҳам яхши танирди.
– Агар бугун олиб келсам, совунни оласизми? – сўради Фрэнк.
– Оламан, – жавоб берди дўкон эгаси. – Нима, сиз совун савдоси билан шуғулланяпсизми?
– Йўқ, лекин уни қаердан арзонга олиш мумкинлигини биламан.
Фрэнк дўкондан шоша-пиша чиқиб, отасининг олдига қараб чопди. Банкдаги операциялар тўхтаган, бироқ болакай у ердаги ҳамма кириш-чиқиш тешикларидан хабардор ва агар ўғли ўттиз доллар ишлаб оладиган бўлса, отаси хурсанд бўлишини ҳам биларди. Фрэнкка пул фақат бир кунгагина керак эди.
– Фрэнк, нима бўлди? – дарров сўради жаноб Каупервуд қизариб кетган, ҳарсиллаётган ўғлини кўриб.
– Отажон, сиздан ўттиз икки доллар қарз сўрамоқчи эдим.
– Яхши. Лекин пул сенга нима учун керак бўлиб қолди?
– Мен етти яшик совун сотиб олмоқчиман. Уни қаердан олишни биламан, сотиб олишга харидор ҳам бор. Жаноб Дэлримпл ҳаммасини сотиб олмоқчи. У олтмиш икки доллар таклиф қилди, мен эса ўттиз икки долларга оламан. Агар пул бериб турсангиз, югуриб бориб, аукциончига