Пунктуация сўзини ҳам луғатдан топдим. Нуқта ҳам тиниш белгиси лекин ундан ташқари яна бир қанча тиниш белгилари бор деди Кинниан хоним. Балки у ҳамма тиниш белгилари кичкина думчали вергуллар деб аталиши керак деяётгандир.
Сен; тиниш, белгиларини – бир: бири» билан! бирга) ишлатишни, ўрганишинг? керак( Уларни» қандай: қилиб– бирга) ишлатишни, кўрсатиб; берди! Менимча? энди( мен. доим» хар, ҳил) белгиларни! ишлатаман! Бирам» қоидалар? кўп; лекин( мен: уларни. ҳаммасини! эслаб( қоламан, Кинниан хонимга қандай савол бермасам ҳам осонлик билан жавоб беради! Мис, Киннианнинг. ушбу! ҳислатини– жуда» ҳам; ёқтираман, ва) яқинда: у .каби( ақлли! бўламан»
Пунктуация – ажойиб!
8 апрель
Эшакмия! Мен унинг айтган гапларини ҳаттоки тушунмаган эканман. Кеча кечки пайт грамматикадан бир китоб ўқидим ва уерда тиниш белгиларини қачон, қандай ҳолатларда ишлатиш кераклиги ёритиб берилган экан. Кинниан хоним ҳам менга шуни тушунтирмоқчи бўлган экан. Тун ўртасида туриб кетдим ва ўзим-ни яхши ҳис қилардим. Кинниан хоним устимга бирон нима кийиб, платога чиқишимни айтди. Плато бу худди адирнинг теккис чўққисига ўхшайди.
Пунктуация нега кераклигини англаб етганимда барча ҳисоботларимни қайтадан ўқиб чиқдиv. Ё, алхазар! Бунчалик ҳам нотўғри ёзиш мумкинми! Кинниан хонимга барча хатоларимни тўғриламоқчи эканлигимни айтдим.
– Профессор Немур ҳеч нимани тўғрилашингни хоҳламаяпти. Қай даражада ақлинг ривожланганлигини ўзинг кўра олишинг учун, ҳисоботларингни ўзингга берган. Чарли, балли сенга.
Бу гапларни эшитиб хурсанд бўлдим. Дарслардан сўнг Элжерноннинг олдига кириб, у билан бироз ўйнадим. Бу гал пойга эмас.
10 апрель
Ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Бу дори билан даволаса бўладиган касаллик эмас. Бу қалбимдаги оғриқ. Қалбим бўм-бўш қути каби, худди юрагимни юлиб ташлагандай. Содир бўлган ҳодисани айтиб бермасам бўлмайди. Бугун умримда биринчи марта ишга боргим келмади. Ва мен бормадим.
Кеча Жо Карп ва Фрэнк Рейли мени базмга таклиф қилди. Базмда роса қизлар кўп эди. Эрни ва Жимпи ҳам ўша ерда эди. Охирги марта виски ичганимдан сўнг ўзимни қандай ёмон ҳис қилганимни эслаб, Жога ичкилик ичмайман, дедим. Сўнгра у менга қандайдир ғалати таъмли ичимлик узатди. Эътибор бермабман.
Бироз кўнгилхушлик қилдик.
– Эллен билан рақсга тушмайсанми? У сенга қандай рақс тушишни ўргатиб қўяди, – деб худди бир нима кириб кетгандай кўзини қисиб қўйди Жо.
– Чарлини ўз ҳолига қўй, – деди Эллен.
Жо эса мени елкамга уриб қўйди.
– Бу Чарли Гордон, менинг энг яқин дўстим. Унинг калласи роса яхши ишлайди ва унинг ҳаттоки лавозимини кўтаришди.