Яхши ва ёмон – тарихдаги энг катта ёлғон. Дунёда яхши ва ёмон нарсалар, жонзотлар, одамлар йўқ. Ҳаётда яхши ёки ёмон ҳодисалар содир бўлмайди. Ақлимиз у ёки бу нарса яхши ёки ёмон эканига бизни алдаб ишонтиради. У буни бизнинг қарорларимиз устидан эга чиқиш учун – бизнинг шахсиятимизни қамалда сақлаш учун қилади.
Бу дунёда яхши ёки ёмон нарса йўқ – бу дунёда оддий нарсалар бор. Бу дунёда яхши-ёмон жонзот йўқ – табиатда ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни бор. Бу дунёда яхши-ёмон одам йўқ – бу дунёда сиз ва мен каби оддий одамлар бор.
Хўш, бу буюк ёлғонга қандай ишонганмиз? Ақлнинг яхши ва ёмон ҳақидаги найрангига қандай учганмиз?
Буни англаб етиш учун биз аввалги китобларда муҳокама қилинган табиий ва орттирилган (ижтимоий) билим тушунчаларига мурожат қилишимиз лозим.
Ҳайвоннинг боласи атрофидаги ҳавф-хатардан бохабар туғилади. У нимадан қочиш, кимга талпиниш, қандай тирик қолишни билади. Бу билимларни унга табиат берган. Бу билимлар унга ота-онасидан қон билан – жон билан ўтган. Бу билимлар унинг генида ёзилган.
Одамзот боласи ҳам ҳудди шундай табиий билимлар билан яралади. Биз ҳам ота-онамиздан тирик қолиш, яшаш ва ривожланиш учун зарур ҳамма билимларни олиб дунёга келамиз. Бу билимлар (ҳақиқатлар) бизга яралиш пайтида берилган.
Нега биз яхши ва ёмон нима эканини билиб туғилмаймиз? Чунки «яхши» ва «ёмон» тушунчалар фақат жамиятга тегишли. Чунки бу табиий билим эмас. Чунки «яхши» ва «ёмон» деган ҳақиқатлар йўқ аслида. Бу – одамлар дунёни борича қабул қила олмаганидан келиб чиққан сароб. Улар бу ёлғонни ўзларига қарши ўйлаб топишган. Бу ёлғонни ақл одамзот устидан бўлинмас ҳукмга эга бўлиш учун ўйлаб топган. Биз ўз ақлимиз ёлғони ташлаган қопқонда яшаймиз.
Бу таъкид кимдадир норозилик уйғотиши мумкин. Бизга эсимизни таниганимиздан бир гап уқтирилади: яхши-ёмонни билмаган яшай олмайди, бахтли бўлмайди. Бу гап ҳам ёлғон – бизга яшаб қолиш ва бахтли бўлиш учун бу дунё, унинг таркибий қисмларини, бошқа жонзот ва одамларни яхши ва ёмонга ажратиш шарт эмас. Аниқроғи – бундай қилиш бизга яшашга – бахтли яшашга ҳалал беради.
Жуда кўп ҳолларда яхши ва ёмон сифатлари шунчаки андозага таяниб айтилади. «Ўғлим, бу ишни қилиб бўлмайди – Нега? – Ёмон бўлади» каби тарбия болада зарарли яхши-ёмон тушунчасини шакллантиради. Тарбия пайтида у ёки бу ишни яхши ёки ёмон эмас – фойдали ёки зарарли, бунёдкор ёки вайронкор, керакли ва кераксиз каби таъриф орқали етказган маъқул. Бунда айнан шу иш нега ижобий ёки салбий жиҳатга эга эканига етарлича асос бериш лозим.
«Ўғлим, ана бу болаларга қўшилмагин. – Нега? – Чунки улар ёмон болалар – Нега? – Чунки улар сени ёмон одатларга ўргатади…» Болага «яхши» тарбия бериш