Валерий ўзини ухлаганга солиб ўтирган экан. Дарров кўзини очди. Қизга рус тилида алланималар деди илжайиб. Сўнг у олиб келган егуликларни, олдимиздаги ўриндиқнинг орқа томонига ўрнатилган столчани очиб, устига қўйди. Мен ҳам унинг ҳаракатини такрорладим. Фақат пиво олмадим.
– Пиво хороший вешь, нет-нет, надо пить, – дея Валерий бир шиша пивони столчам устига қўйди.
Овқатдан олдин шишадаги сабил қолгурни ичиш керак экан. Валерийнинг гапларига тушунмадим-у, имоишораларидан буни англадим. Алдамабди. Кайфиятим кўтарилди. Валерий билан гаплашгим келди ҳатто. Аммо бирор гапимни уқтиролмадим. Охири қўл силтадим ва ўриндиққа бошимни қўйганча ухлаб қолибман. Тушимда осмонўпар бинолар устида худди самолётдай учиб юрганмишман. Мени ҳеч ким кўрмасмиш. Бироқ мен ҳаммани кўриб турармишман. Ҳамма ёқ қоронғи, кетма-кет электр симларига дуч келиб қоларканман. Шунда ток урмасин деб яшин тезлигида юқорилаб кетармишман. Бир маҳал юрагим ўйнай бошлади. Жуда юқорилиб кетдим, шекилли, деб ўйлаб қўрқа-писа пастга қарадим. Дарҳақиқат, ердан анча олислаб кетибман. Пастда қоронғилик, бирор нарса аниқ кўринмайди. “Ерга қайтиш керак”, деб ўйладим ва шўнғий бошладим. Юрак ўйноғи кучайгандан-кучайди. Худди шу пайтда тубанлик сари тошдай учиб тушардим. Шу тезликда қуласам, ерпарчин бўлишим аниқ… Чўчиб уйғониб кетдим. Атрофимга олазарак қарадим. Валерий саросималаниб уйғонганимни кўриб кулди ва белидан ўтказилган камарни кўрсатди-да, бир нималар деди ва самолёт қўнишга ҳозирлик кўраётганига ишора қилди. Дарров унинг айтганини бажардим. Ўртада юрадиган қизлар камарларимизни бир сидра кўздан кечириб чиқишди.
Самолёт кўтарилаётганида қандай бошни айлантирган, қулоқни қоматга келтирган бўлса, қўнаётганда ҳам худди шундай бўлди. Ундан тушиб, текшир-текширлардан кейин аэропортдан ташқарига чиқдик. Валерий такси ушлади.
Тошкентни биринчи бор кўрганимда ҳайрон қолгандим. Ҳозир Таиланд деб аталган жойни, мен номини ҳам билмайдиган шаҳарининг осмонўпар иморатлари-ю, уларнинг пештоқидаги алламбало ёзувлар битилган, теварагида майда чироқлар ёниб ўралган плакатларни, кўчадаги минг хил машиналарни кўриб оғзим очилиб қолди.