Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Артур Конан Дойл
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-27-255-2
Скачать книгу
мис бандида каминдаги олов мавжланарди. Холмс шу темир сандиқ олдига оҳиста юриб борди ва уни синчиклаб кўздан кечирди. Кейин хобхона эшигига оёқ учида бориб, қулоғини эшик тирқишига тутди. Ичкари сув қуйгандек жимжит эди. Бу аснода миямга, ҳар эҳтимолга қарши ташқарига чиқадиган эшик орқали чекиниш тараддудини кўриб қўйиш керак, деган фикр келди-ю, шу эшикни кўздан кечирдим. Таажжубки, эшик на қулфланган, на илгакланган эди. Мен қўлимни Холмснинг қўлига теккиздим, у ниқоб таққан юзини эшик томонга бурди. У ҳам таажжубда эди.

      – Бу менга ёқмаяпти, – деб пичирлади у қулоғимга. – Ҳайронман, нега очиқ қолдирдийкин. Нима бўлганда ҳам фурсатни қўлдан бой бермаслигимиз керак.

      – Сизга ёрдам беришим мумкинми?

      – Ҳа, эшик олдига бориб туринг. Агар бирон кишининг шарпасини эшитсангиз дарҳол эшик зулфинини суринг, биз ўзимиз келган йўлдан чиқиб кетамиз. Агар бу ерга қишки боғ томондан киришса-ю, биз ишни тугатган бўлсак, унда манави эшик орқали чиқиб кетамиз. Мабодо ҳужжатларни олишга улгурмасак, унда дераза пардаси орқасига яширинамиз. Тушундингизми?

      Мен бош ирғаб, эшик олдига бориб турдим. Юрагимга ғулғула солган бояги қўрқув туйғуси ўтиб кетган ва энди вужудимни шундай ўткир завқ қамраб олган эдики, бундай ҳузурни қонунни ҳимоя қилган пайтларимизда қонунга қарши иш кўраётган ҳозирги пайтдагидек ҳис қилмаган эдим. Олий мақсадни кўзлаган, бизни бу ишга даъват этган нарса худбинлик эмас, балки одамохунлик истаги эканлигини идрок этиш, ғанимимизнинг мурдорлигидан нафратланиш – мана шу ҳиссиётларнинг ҳаммаси бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшарди. Мен ўзимни айбдор ҳисобламасдим, балки, аксинча, бундай хатарли ишга қўл урганимиздан қувонардим, ҳаяжонланардим. Мен Холмснинг хатти-ҳаракатини завқ билан кузатардим. У чарм жилдни очиб, худди ўта мураккаб операцияга тайёрланаётган жарроҳ сингари, керакли асбобларни бамайлихотирлик билан бир-бир танлаб ола бошлади. Темир сандиқларни очишда ҳеч ким Холмснинг олдига туша олмаслигини яхши билардим, шунинг учун, кўп дилбар хонимларнинг қисматини ўз комида сақлаб турган бу аждар, олтин суви юритилган бу яшил махлуқ билан юзмаюз тўқнашганидан унинг кўнгли чоғ бўлиб кетганини фаҳмлаётган эдим. Холмс пальтосини ечиб стулга қўйди, камзулининг енгини шимариб, қўлига иккита парма, кичкина мисранг ва бир нечта очқич олди. Мен ровонга чиқадиган эшик олдида ҳар қандай ҳодисага шай бўлиб, бошқа эшиклардан кўз узмай турардим; ваҳоланки, сирасини айтганда, кимдир бизга халақит қилгудек бўлса, қандай чора кўришни билмас эдим. Холмс бир асбобни қўйиб, иккинчисини оларкан, уларни мутахассис-механик сингари зўр куч ва маҳорат билан ишлатиб, ярим соатча қатъий ҳаракат қилди. Ниҳоят, «шиқ» этган товуш эшитилди-ю, темир сандиқнинг кенг яшил эшиги очилди, шунда кўзим сандиқ ичига тахланган бир неча пакетга тушди: улар даста-даста қилиб боғланган, муҳрланган бўлиб, устига нималардир ёзилган эди. Холмс шу пакетлардан бирини қўлига олди, аммо каминдаги оловнинг милтираган ёруғида ўқиш маҳол бўлгани