Холмс стол ғаладонидан пишиқ бир чарм ғилоф олиб, уни очди-да, ичига терилган бир неча ялтироқ асбобни кўрсатди.
– Бу ўғриларнинг сўнгги пайтда кашф этилган энг олий нав асбоблари; бу ерда никелланган жажжи мисранг9, ойна кесиш учун олмос, очқичлар-у, ривож топаётган дунёвий маданият талабига жавоб берувчи энг янги мосламалар бор. Мана яна хуфия чироқ. Ҳаммаси жобажо. Сизда таги юмшоқ ботинка борми?
– Ҳа, бор. Теннис ўйнашга мосланган таги резинка ботинкам бор.
– Жуда соз. Ниқоб-чи?
– Қора шойидан ясаб олишим мумкин.
– Назаримда, бунақа ишга сизда туғма мойиллик мавжуд. Жуда яхши; ниқобни ясанг. Жўнаш олдидан енгилроқ тамадди қилиб оламиз. Ҳозир соат саккиз ярим. Соат ўн бирда Черчроуга етиб олишимиз керак. У ердан Аплдор Тауэрсга чорак соатда пиёда юриб борса бўлади. Ишни тун ярим бўлмасданоқ бошлаймиз. Милвертон ҳар доим соат ўн яримда ухлагани ётаркан, уйқуси жуда ҳам қаттиқмиш. Агар бизга омад ёр бўлса, чўнтагимизда леди Еванинг мактублари билан тунги соат иккида уйга қайтиб келамиз.
Биз театрдан қайтаётган одамларга ўхшаш учун эгнимизга фрак кийдик. Оксфорд-стритга чиқиб кэб ёлладик ва шу кэбда Хемстедгача бордик. Сўнг извошчига кира ҳақини тўлаб кун жуда ҳам совуқ бўлгани ва кишининг суяк-суягигача қақшатувчи шиддатли шамол эсаётгани сабабли, пальтоларимизнинг ёқасини кўтариб, энг юқори тугмаларигача қадаб олдик-да, Хис дарёси ёқалаб юриб кетдик.
– Бу ниҳоятда қалтис иш, – деди Холмс. – Ҳужжатлар Милвертоннинг кабинетида, темир сандиққа солиб қулфлаб қўйилган. Хобхонаси эса шундоққина кабинетга туташган. Лекин соғлиғидан шикоят қилмайдиган ҳамма бақалоқ одамлар сингари Милвертон ҳам қаттиқ ухлар экан. Агатанинг айтишича (қаллиғимнинг исми шундай), хўжайинини замбарак отиб ҳам уйғотиб бўлмас эмиш. Милвертоннинг жуда садоқатли бир котиби бор. Кундуз кунлари у кабинетдан ҳеч қаёққа чиқмайди: мана шунинг учун ҳам биз кечаси келяпмиз. Бутун уйни бир қопағон ит қўриқлайди, тунда уни ечиб юборишади. Лекин мен кейинги пайтда Агата билан учрашгани икки марта кечаси қоронғида бордим, шунинг учун у итни ҳужрага киритиб, устидан қулфлаб қўядиган бўлди. Ана ўша уй. Ҳув ана, боғ этагида қад кўтариб турипти. Юринг, дарвозадан кирамиз, энди дафна буталари орасидаги йўлкадан ўнгга юрамиз. Менимча, ниқобларни тақадиган пайт келди. Кўряпсизми, биронта ҳам деразада чироқ йўқ. Ишимиз ҳозирча яхши кетяпти.
Биз кўзимизга ниқобларни тақиб, ҳақиқий қароқчиларга айландик ва сукутга чўмган, зулмат босган улкан уй олдига оёқ учида юриб бордик. Уйнинг бир томони усти ёпиқ узун равон билан тўсилган бўлиб, унинг бир нечта деразаси, ичкарида эса иккита эшиги бор эди.
– Ана унинг хобхонаси, – деб пичирлади Холмс. – Ёнидаги эшикдан кабинетга кирилади. Лекин, афсуски, у ҳам ичидан сурма зулфин