Холмс жилмайиб қўйди.
– Ҳа, тамакининг пириман, – деди у қутичадан тўртинчи сигаретани олиб, уни қўлидаги сигарета қолдиғидан тутатар экан. – Ҳар хил саволлар билан сизнинг миянгизни ачитиб ўтирмоқчи эмасман, профессор Корэм, зеро, жиноят содир бўлган чоғда сиз тўшагингизда ётган бўлгансиз, бинобарин, нима бўлганидан бехабарсиз. Сизга фақат битта савол бермоқчиман: бахтиқаро йигит «Профессор, бу ўша аёл», деганида нимани назарда тутди экан? Шу ҳақда сиз нима дейсиз?
Профессор бош чайқади.
– Мьюзен – қишлоқи қиз, – деди у. – Ўзингиздан қолар гап йўқ, авом халқ ўлгудек овсар бўлади. Менимча, шўрлик йигит жон талвасасида бир нима деб алаҳлаган бўлиши мумкин, қиз бўлса алланималарни валдираб юрипти.
– Тушунарли. Ўзингиз бу фожиани хиёл бўлса ҳам изоҳлаб беролмайсизми?
– Эҳтимол, бу бахтсиз ҳодисадир. Ё бўлмаса, бу гап ўртамизда қолсин-у, йигит ўз жонига қасд қилгандир. Ёшларимиз ҳамиша қандайдир махфий ҳасратга, чунончи, толесиз муҳаббат дардига чалинган бўлишадики, биз кексалар бундан, одатда, ғофил бўламиз. Оқибат, мана, у ўзиниўзи ўлдирган. Менимча, қотилликдан кўра шу тахмин ҳақиқатга кўпроқ тўғри келади.
– Хўш, пенсне ҳақида нима дейсиз?
– Пенсне? Дарвоқе, пенсне! Афсуски, мен борйўғи хаёлот осмонида парвоз қилувчи олим одамман, холос. Демак, амалий ҳаётдан мутлақо бехабарман. Лекин ўзингиздан қолар гап йўқ, азиз дўстим, севги учун энг ғайритабиий буюмлар далил бўлиши мумкин. Олинг, олаверинг яна. Сигаретамни ёқтириб қолганингиздан хурсандман. Айтмоқчиманки, ўз жонига қасд қилган одам сўнгги дамда қўлига нималарни олмайди дейсиз, у нарса – елпиғич ҳам, қўлқоп ҳам ёки пенсне ҳам бўлиши мумкин. Мана бу жентльмен майса устидаги излар ҳақида гапирди. Ахир у ҳам адашиши мумкин-ку. Энди пичоқ масаласига келсак, шўрлик йигит ерга чалқанчасига йиқилганида, отилиб кетиб, нарига тушишиям мумкин. Эҳтимол, мулоҳазаларим ёш боланинг гапидек тутуриқсиздир, лекин фаҳмимча, Уиллоуби Смит ўз жонига қасд қилган.
Бу назария Холмсга таъсир этгандек бўлди, чунки у чуқур ўйга толиб ва кетини узмай папирос чекиб, хонада у ёқдан-бу ёққа тинмай бориб келди.
– Айтинг-чи, профессор Корэм, – деди у ниҳоят, – секретерингизнинг ўрта ғаладонида нима асрайсиз?
– Ўғрини қизиқтирадиган ҳеч нарса йўқ у ерда. Оилавий ҳужжатлар, раҳматли хотинимнинг мактублари, мени профессорлик шарафига муяссар қилган дорилфунунларнинг дипломлари. Мана калит. Ўзингиз кўришингиз мумкин.
Холмс калитни қўлига олди, сўнг профессорнинг юзига