– Қойил! – деб қичқирди Хопкинс. – Ё тавба, шу далилларнинг ҳаммаси ўз қўлимда эди-ю, мен бўлсам ҳеч ниманинг фаҳмига етмабман-а! Тўғри, менда Лондондаги оптикаларни айланиб чиқиш нияти йўқ эмасди.
– Албатта айланиб чиқинг. Ҳозир эса, бу иш юзасидан яна нималарни билганингизни сўзлаб беринг.
– Бошқа ҳеч нима маълум эмас, мистер Холмс. Энди, назаримда, сиз бу иш ҳақида мендан кўпроқ билсангиз-биласиз, аммо кам билмайсиз. Биз, темир йўл бекатида ёки унга яқин йўлларидан бирида нотаниш одам учрамадими, деб суриштириб чиқдик. Маълум бўлишича, ҳеч кимни кўришмаган. Мени ҳаммадан ҳам кўпроқ гангитиб қўйган нарса – жиноят содир бўлишига ҳеч қандай сабабнинг йўқлиги. Ҳатто, биронта туртки ҳам йўғ-а!
– Бу борада сизга ёрдам бера олмайман. Лекин фаҳмимча, сиз эртага жиноят содир бўлган ерга бизни бошлаб бормоқчига ўхшайсиз.
– Агар сизга малол келмаса, мистер Холмс. Эртага эрталаб соат олтида Чаринг-Кросс вокзалидан Чатамга поезд жўнайди, шунда биз соат саккиздан ошганида Йокслига етиб оламиз.
– Яхши, биз шу поездда жўнаймиз. Ишингизда баъзи бир қизиқарли тафсилотлар бор, шунинг учун бу ишни жиддийроқ ўрганиш ниятидаман. Лекин ҳозир вақт ярим кечадан оғиб кетди, биз сафар олдидан бир неча соатгина мизғиб олишимиз керак. Сизга камин олдидаги мана бу диванга жой солиб берамиз. Эрталаб спирт чироқда қаҳва дамлайман, кейин йўлга чиқамиз.
Эрталаб шамол тинди. Темза дарёси ёқасидаги кўримсиз ботқоқликлар узра нурсиз қуёш бош кўтариб чиқа бошлади. Узоқ ва толиқтирувчи саёҳатдан сўнг биз Чатамдан бир неча миля берироқдаги мўъжазгина бекатда поезддан тушдик. То файтонга от қўшишгунча шу ердаги меҳмонхонада наридан-бери нонушта қилиб олдик, шу боис Йокслига етиб борганимиз ҳамоно ишга киришдик. Полициячи бизни боғ дарвозаси олдида кутиб турарди.
– Хўш, Уилсон, янгилик борми?
– Ҳеч ниманинг дараги йўқ, сэр.
– Биронта янги келган одамни учратмадингизми?
– Йўқ, сэр. Полициянинг таъкидлашича, кеча бу ерга ҳеч ким келмаган ҳам, бу ердан ҳеч қандай кимса чиқиб кетмаган ҳам.
– Ҳамма меҳмонхона-ю, мусофирхоналарни айланиб чиқдингизми?
– Ҳа, сэр. Биронта ҳам шубҳали шахсни учратмадик.
– Қолаверса, бу ердан Чатамгача пиёда жўнаш мумкин. Демак, келган одам ўша ерга яшириниши ёки сездирмай поездга чиқиб олган бўлиши ҳам мумкин. Мистер Холмс, мана ўша сизга айтган хиёбон. Кафолат бериб айтаманки, кеча бу ерда ҳеч қандай из бўлмаган эди.
– Майса устидаги излар хиёбоннинг қайси томонида эди?
– Мана бу томонида, сэр. Хиёбон билан гул пуштаси оралиғидаги торгина узун ўтлоқни кўряпсизми? Кеча шу ўт