Стив Жобс. Уолтер Айзексон. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Уолтер Айзексон
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-150-4
Скачать книгу
бундай имкониятга типографлар, таҳрирчилар ва бошқа китобхонлар эга эди.

      Каре шунингдек график интерфейсларга хос иконкаларни (масалан, ўчирилган файллар учун ахлат саватчасини) ўйлаб топди. Шу асосда улар Жобс билан умумий тил топишди: иккови ҳам оддийликка интиларди ва Mac бошқа компьютерларга ўхшамайдиган бўлишини хоҳларди. “Стив, одатда, кечки пайт хонамга кирарди, – эслайди Сьюзен. – Нима янгилик бор, деб қизиқарди, унинг визуал деталлар борасидаги диди яхши эди”. Баъзан Стив якшанба куни эрталаб кирарди ва Каре унга янги вариантларни кўрсатиш учун дам олиш кунлари ишга чиқарди. Улар баҳслашган пайтлар ҳам бўларди. Мисол учун Стив у ўйлаб топган сичқонча тугмасини босиш тезлашганини билдирувчи қуёнча иконкасини рад этади: унинг фикрича, момиқ ҳайвонча “жуда хурсанд” кўринади.

      Жобс дарчаларнинг номларига ҳам катта эътибор берди. У тўғри ечим топишга интилиб, Аткинсон ва Карени яна ва яна қайтадан ишлашга мажбур қилди. Lisa’даги жуда тўқ ва қўпол номлар Стивга ёқмади, у Mac’да номлар силлиқроқ, юпқа устунли бўлишини хоҳлади. “Биз Стивга йигирмата вариантни кўрсатдик”, – деб эслайди Аткинсон. Бир куни Каре ва Аткинсон Стивга муҳимроқ иш турганда уларнинг кучини ҳеч кимга қизиқ бўлмаган майда нарсаларга сарфлашга мажбур қилаётганини айтиб шикоят қилишди. Жобс хафа бўлди. “Одамлар бунга ҳар куни қарайди! – деб бақирди у. – Бу майда нарса эмас, бу иш ва уни яхши бажариш керак!”

      Крис Эспиноса Стивнинг талабларини ва унинг назорат қилиш эҳтиросини қондирадиган ажойиб усулни топди. Эспиноса Вознякнинг гараждаги ёш ёрдамчиларидан бири эди, Жобс у ўқишга доим улгуришини, Mac’да ишлаш имконияти эса бошқа бўлмаслигини айтиб, уни Бёрклини ташлашга кўндирганди. Эспиноса компьютер калькуляторининг дизайнини ишлаб чиқди. “Нафас чиқармай, биз Крисни ўраб олдик. У калькуляторни Стивга кўрсатди. Биз у нима деркин деб кутаётгандик”, – эслайди Херцфельд.

      “Бошланишига ёмон эмас, – деди Жобс. – Лекин умуман олганда бу бўлмағур нарса. Фон жуда қора, чизиқлар ҳаддан ташқари қалин ва тугмалар катта”. Эспиноса бир неча марта дизайнни қайта ясади, лекин Жобс ҳар янги вариантни кескин танқид билан кутиб олди. Ниҳоят, навбатдаги учрашувда Крис “Ўзинг тер. Стив Жобс номидаги калькулятор-конструктор” деб аталган версияни тақдим этди: фойдаланувчи чизиқлар қалинлигини, тугмалар ҳажмини, тўқ-очлигини, фонни ва ҳоказоларни ўзи ўзгартириши мумкин эди. Стив кулиб юборди, кейин эса компьютерга ўтириб, ўзига ёқадиган дизайнни яратиш учун опцияларни синаб кўришга киришди. Ўн дақиқа ўтиб у буни уддалади. Кейинги 15 йилда Mac учун калькуляторнинг айнан шу версияси стандарт вариант бўлиб қолгани ажабланарли эмас.

      Стивнинг асосий лойиҳаси Macintosh бўлиб қолишига қарамай, у барча Apple маҳсулотлари учун универсал услуб яратишни хоҳларди. Жерри Мэнок ва “Apple дизайнерлари уюшмаси” деб номланган норасмий гуруҳ ёрдамида Жобс энг яхши дизайнер учун танлов уюштирди. Лойиҳани “Оппоқой” деб аташди – нафақат Стивнинг оқ рангни севгани учун, балки