Стив Жобс. Уолтер Айзексон. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Уолтер Айзексон
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-150-4
Скачать книгу
бўлиб чиқди. Боз устига, Стив жамоага кўпинча мақбул қарор бўлиб туюлган муросага боришни тақиқлаб қўйганди, агар муросага борилса, Mac’га сарфланадиган харажатларни камайтириш ва ишлаб чиқаришни тезлаштириш мумкин эди.

      “Кўп йиллик иш давомида мен бир нарсани тушундим: агар ходимларинг ҳақиқатан ҳам яхши бўлса, уларга ёш болаларга қилган муомалани қилмаслик керак, – деб изоҳ берганди кейинчалик Жобс. – Улардан кўпроқ нарса талаб қилиш керак, шунда улар дурдона асар яратади. Mac’нинг биринчи жамоаси менга ўргатган нарса шуки, аъло даражали мутахассислар бирга ишлашни яхши кўради, сизни ўртача натижа қаноатлантириши мумкин, лекин бу уларга ёқмайди. Mac жамоасининг исталган аъзосидан сўранг. Улар бу фойда берган деб айтади”.

      Кўпчилик бунга қўшилади. “Кенгашда Стив тез-тез “Галварс, сен доим орқанг билан иш қиласан” деб бақириши мумкин эди. Лекин мен жуда омадли инсонман, деб айта оламан, чунки мен у билан бирга ишлаганман”, – деб эслайди Деби Коулман.

      12-боб. Дизайн. Ҳақиқий рассомлар соддалаштиради

      Баухаус эстетикаси

      Эйхлер лойиҳаси бўйича қурилган уйларда ўсган кўпчилик болалардан фарқли равишда Жобс бундай уйларнинг моҳиятини тушунарди ва уларга муносиб баҳо бера оларди. Унга кенг оммага мўлжалланган оддий ва функционал модернизм ёқарди. Яна у отаси автомобилларнинг концептуал хусусиятлари ҳақида сўзлаб беришини яхши кўрарди. Apple’га асос солингандан буён Стив ўйлаб топилган саноат дизайни, яъни турли рангдаги оддий логотип, Apple II’нинг ёйма корпуси компанияни бошқа рақобатчилардан ажратиб туришига ва маҳсулотни танитишига ишонарди.

      Apple’нинг биринчи офиси (Жобсларнинг гаражидан кейинги офиси) кичик бинода жойлашганди, ўша ерда Sony сотув бўлими ҳам қўним топганди. Унинг маҳсулотлари эсда қоларли, бошқаларга ўхшамайдиган ўз услуби ва дизайни билан машҳур эди. Жобс реклама материалларини кўздан кечириш учун тез-тез у ерга кириб турарди. “У, одатдагидек, пала-партиш кийимда кириб келар, бизнинг рисолаларимизни варақлар, дизайни ҳақида сўрарди, – эслайди Sony’нинг собиқ ходими Дэниел Левин. – Баъзан буклетни ўзи билан олиб кетишга рухсат сўрарди”. 1980 йилда Жобс Левинни Apple’га ишга олади.

      Бироқ 1981 йилнинг июнига келиб, Стив Аспенда ҳар йили ўтказиладиган Дизайн бўйича халқаро конференцияга боришни бошлагач, кўпинча қорамтир рангларда безатилган Sony маҳсулотларига бўлган қизиқиши сўнди. Ўша йилги конференция итальянча услубга бағишланганди; унда архитектор ва дизайнер Марио Беллини, режиссер Бернардо Бертолуччи, автомобиль ишлаб чиқарувчи Сержио Пининфарина ҳамда сиёсатчи ва Fiat меросхўри Сюзанна Аньелли иштирок этди. “Олдинга ўзиш” фильмидаги итальян байкерларидан завқ олаётган йигитча каби менда аста-секин италиялик дизайнерларга ҳурмат уйғонди, – деб эслайди Жобс. – Конференция мен учун илҳом манбаига ва ноёб кашфиётлар маконига айланди”.

      Аспенда у баухаус оқимининг оддий ва функционал дизайни билан танишди. Бу услуб