Стив Жобс. Уолтер Айзексон. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Уолтер Айзексон
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-150-4
Скачать книгу
бир қарашдаёқ илғаб олиш – дизайн оддийлигининг асосий мезони деб ҳисоблаган. Лекин бу ҳар доим ҳам бир-бирига боғлиқ эмас. Ҳаддан ортиқ равон ва оддий дизайн харидорни чўчитиши мумкин ва харидор товарни қандай ишлатишни билмай қолиши мумкин. “Биз интилишимиз керак бўлган асосий нарса – маҳсулотимиз интуитив равишда тушунарли бўлиши керак”, – деб айтади Жобс дизайн даҳоларига. Macintosh’да акс эттирилган иш столига ўхшашликни ҳам тилга олиб ўтади. “Биз ҳаммамиз иш столида нима қилишни биламиз. Хонага кирсак, столда қоғозлар ётади. Тепада – энг муҳимлари. Одамлар устуворликни аниқлашни билади. Компьютерлар яратаётиб, биз иш столи билан ўхшашликни асос қилиб олганимизнинг сабабларидан бири – мавжуд тажрибадан самарали фойдаланишдир”.

      Ўша чоршанбада Жобс билан бир вақтда, лекин кичикроқ аудиторияда йигирма уч ёшли Майя Лин ҳам маъруза қилди. Бундан бир йил аввал ноябрда Вашингтонда Вьетнамдаги уруш фахрийларига атаб унинг лойиҳаси бўйича мемориал очилганди. Жобс ва Лин дўстлашиб қолади ва Стив уни Apple’га таклиф қилади. Лин каби одамлар олдида Жобс ҳадиксирарди, шунинг учун Деби Коулмандан Маяга компанияни кўрсатишда ёрдам беришини сўради. “Мен Стив билан бир ҳафта ишладим, – эслайди Лин. – Ундан “Нима учун компьютерлар телевизорлар каби бесўнақай кўринади? Нима учун юпқа, блокнот каби текис компьютер ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ?” деб сўрадим. Жобс технологиялар бунга имкон берса, айнан шуни рўёбга чиқармоқчи эканини айтди.

      Саноат дизайни соҳасида у вақт қизиқ воқеа юз бермаётганди. Жобсга Ричард Саппернинг чироқлари, Чарльз ва Рэй Имз жиҳозлари, Braun маҳсулоти, Дитер Рамс дизайни ёқарди. Лекин саноат дизайнерлари орасида Раймонд Лоуи ва Герберт Бауэр даражасидек шахслар йўқ эди. “Саноат дизайнидаги ишлар, шу жумладан Силикон водийсида ҳам зерикарли эди ва Стив буни ўзгартиришни хоҳларди, – деб эслайди Лин. – Унга ёйма, лекин жуда ҳам силлиқ бўлмаган истеҳзоли услуб ёқарди. Стивнинг минимализмга бўлган муҳаббати буддизмнинг оддийликка интилишига бориб тақаларди, устига-устак Жобс ўз маҳсулоти совуқ ва ўлик бўлишини хоҳламасди. Маҳсулот мароқ берадиган бўлиши керак. Стив – қизиқ табиатли инсон, у дизайнга жуда жиддий қарайди, лекин айни вақтда унга ҳазил ҳам бегона эмас.

      Йиллар ўтгани сайин Стивнинг диди мураккаблашиб борди, айниқса у японча услубни хуш кўрарди, Иссе Мияке ва Йо Минг Пей каби юлдузлар билан мулоқот қила бошлади. Жобсга буддизмни ўрганиш ҳам катта таъсир кўрсатди. “Мен ҳар доим буддизмни, айниқса, японча дзен-буддизмни услубий мукаммалликнинг чўққиси деб ҳисоблаганман, – дейди Жобс. – Киото боғларидан ажойиб манзарани ҳеч қачон кўрмаганман. Мен дзен-буддизмга бориб тақаладиган бу маданият мевасидан завқ оламан”.

      Porsche каби

      Жеф Раскиннинг тахминича, Macintosh кичкина, чамадон каби квадрат ва текис бўлиши ҳамда экранига клавиатура ёпилиши керак эди. Лойиҳага раҳбарликни қўлига олган Жобс портатив компьютерни замонавий дизайнли ва ўрта-миёна ҳажмли